АҚШ ҳарбийлари НУЖ ҳақидаги янги махфий ҳужжатларни очиқлади

АҚШ ҳарбийлари НУЖ ҳақидаги янги махфий ҳужжатларни очиқлади

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўзга сайёраликлар ҳаёти, номаълум ҳаво ҳодисалари ва номаълум учувчи объектлар (НУЖ) билан боғлиқ ҳужжатларнинг навбатдаги туркумини махфийликдан чиқарди. Эълон қилинган материаллар орасида узоқ вақт давомида ёпиқ сақланган 50 дан ортиқ видео ва матнли ҳужжатлар мавжуд. Pentagon қошидаги Глобал аномалияларни ўрганиш бошқармаси ҳозирча ушбу ҳодисаларнинг ўзга сайёраликлар билан боғлиқлигини тасдиқловчи тўғридан-тўғри далиллар йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Шунга қарамай, ҳарбийлар кўплаб ҳолатларни мавжуд илмий билимлар ва мантиқ доирасида тушунтириб бериш имконсиз эканини тан олмоқда. Масалан, 2024-йил апрель ойида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати томонидан олинган инфрақизил видеода мамлакат жануби-шарқида оддий парвозни амалга ошираётган самолёт яқинида ҳаракатланаётган номаълум объект муҳрланган. Шунингдек, 2021-йилда Сурия осмонида қайд этилган ва тўсатдан тезлашиб кетган ҳаво ҳодисаси видеоси ҳам илк бор жамоатчиликка тақдим этилди.

Яна бир қизиқарли ҳолат 2020-йилда АҚШ Марказий қўмондонлиги юрисдикциясидаги аҳоли зич жойлашган ҳудуд устида содир бўлган. Видеода сферик шаклдаги объект паст баландликда учиб ўтиб, сўнгра маневр учун деярли жой бўлмаса-да, кескин юқорига кўтарилиб, кузатув зонасини тарк этган. Ҳужжатлар орасида разведка хизмати ходимининг гувоҳлиги ҳам бор: у вертолётда учаётганда фюзеляж ёнида иккита катта тўқ сариқ рангли нур сочувчи шарни кўрганини баён қилган.

Гувоҳнинг сўзларига кўра, ушбу шарларни тутиш учун ҳавога кўтарилган қирувчи самолётлар уларнинг келиб чиқишини аниқлай олмаган. Ҳатто шарлар бир муддат Америка қирувчи самолётларини таърифлаб бўлмас тезликда таъқиб қилишга ҳам уринишган. АҚШ Мудофаа вазирлиги ушбу туркумдаги материалларни май ойи бошидан буён босқичма-босқич эълон қилиб келмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.