Россияда смартфонларни ИМEИ базасига киритиш бепул бўлади

Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги киберфирибгарликка қарши курашиш бўйича иккинчи чора-тадбирлар пакети доирасида смартфон ва бошқа қурилмаларни ягона ИМEИ базасига киритиш учун ҳақ олишни режалаштирмаяпти. Вазирликнинг таъкидлашича, фуқаролар ёки импорт қилувчилардан ҳеч қандай йиғим ундирилмайди, бироқ қурилмаларнинг ноёб идентификаторлари марказлашган базасини яратиш ғояси ўз кучида қолади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ушбу ташаббус ҳозирда қонун лойиҳаси кўринишида муҳокама қилинмоқда ва у биринчи ўқишдан ўтган. Ҳужжатнинг якуний таҳрири ҳали шакллантирилмаган бўлса-да, иккинчи ўқишга қадар алоқа операторлари тармоқларидаги қурилмаларни назорат қилиш қисмларида тартибга солиш параметрлари сезиларли даражада ўзгариши мумкин.
Телекоммуникация бозори экспертларининг сўзларига кўра, лойиҳанинг асосий мақсади маблағ йиғиш эмас, балки СИМ-карталардан фойдаланишни яхшироқ кузатиш ва фирибгарликка қарши курашиш имконини берувчи ягона маълумотлар базасини шакллантиришдир. Бу тизим ўғирланган ёки ноқонуний олиб кирилган қурилмалардан фойдаланишни чеклашга хизмат қилади.
Келажакда қоидаларни янада қатъийлаштириш сценарийлари, жумладан, рўйхатдан ўтмаган ёки «кулранг» қурилмаларни оператор тармоқларида қисман чеклаш ёки бутунлай блоклаш масалалари кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, СИМ-картани аниқ бир ИМEИ кодига боғлаб қўйиш механизми ҳам муҳокама қилинмоқда, бунда карта бошқа аппаратда ишламайди.













