Гепатитнинг «С» тури аниқланган беморлар дори воситалари билан бепул таъминланади

Гепатитнинг «С» тури аниқланган беморлар дори воситалари билан бепул таъминланади
Президент “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қуйидагилар аҳоли орасида айрим вирусли инфекцияларни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
  • вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш;
  • касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи тиббиёт ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш;
  • скрининг текширувларида вирусли гепатит “С” тури аниқланган беморларни даволаш жараёнида дори воситалари билан бепул таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфлов материаллари (реагент ва тест-тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминлаш;
  • барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва уни юритиш;
  • вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситалари хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назоратини такомиллаштириш;
  • вирусли инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;
  • вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.

Президентнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.