Тошкентдаги вазирлик биноси аукционда қанчага сотилди?

Тошкент шаҳрида жойлашган \"Hamkorbank\" “E-auksion платформасида ўтказилган такрорий савдолар натижасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги биносини харид қилди.
15 май куни бўлиб ўтган аукцион савдоларида банк ушбу объект учун 196,6 миллиард сўм таклиф билан ғолиб деб топилди. Мазкур сумма бошланғич нарх — 187,23 миллиард сўмдан қарийб 5 фоиз юқори ҳисобланади.
Савдолар жараёни жуда қисқа вақт ичида якунланган бўлиб, ғолибликни таъминлаган таклиф аукцион бошланганидан атиги 10 сония ўтиб киритилгани қайд этилган. Умумий савдо жараёни эса 10 дақиқадан сал кўпроқ давом этган.
Маълумотларга кўра, сотилган 7 қаватли маъмурий бино Шайхонтоҳур тумани ҳудудида, Абдулло Қодирий ва Абай кўчалари кесишмаси яқинида, “Ўрда” даҳаси атрофида жойлашган.
Бино стратегик жойлашуви билан ажралиб туради — у “Turonbank” офиси ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси биносига туташ ҳудудда жойлашган. Умумий ер майдони 0,5 гектардан ошмайди, бино ва иншоотлар эса 11,7 минг квадрат метрни ташкил этади.
Шунингдек, объект сув, газ, электр таъминоти ҳамда канализация тизимларига тўлиқ уланган бўлиб, бу унинг тижорий қийматини оширувчи муҳим омиллардан бири сифатида қайд этилмоқда.













