Венсан Компани Манчестер Сити ҳимоячисини Баварияга чорламоқда

Мюнхеннинг Бавария клуби трансфер бозорида кутилмаган юришни амалга ошириши мумкин. Британиянинг Даилй Маил нашри хабарига кўра, немис гранди Манчестер Сити ҳимоячиси Джон Стоунз номзодини кўриб чиқмоқда. 31 ёшли марказий ҳимоячининг шартномаси июн ойи охирида якунига етади ва у узайтирилмайди. Бу эса Стоунзнинг эркин агент сифатида Мюнхен жамоасига ўтиши мумкинлигини англатади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ушбу трансферда Бавария бош мураббийи Венсан Компани асосий ролни ўйнаши кутилмоқда. Компани ўз вақтида Манчестер Сити сафида Стоунз билан бирга тўп сурган ва унинг имкониятларини яхши билади. Шунингдек, Стоунзнинг Англия терма жамоасидаги жамоадоши Гарри Кейн ҳам айни дамда Мюнхен клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Маълумотларга кўра, Германия рекордчиси феврал ойидаёқ футболчи билан алоқага чиққан.
Джон Стоунз Манчестер Сити таркибида олти бор Англия Премер-лигаси ғолиби бўлган ва 2023-йилда Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган. Бироқ 2025/26-йилги мавсумда жароҳатлар туфайли Пеп Гуардиола қўл остида бор-йўғи 17 та ўйинда майдонга тушди. Бавария таркибида Дайо Упамекано ва Жонатҳан Таҳ каби асосий ҳимоячилар борлигига қарамай, жамоа захира ўриндиғини кучайтиришни мақсад қилган.
Шу билан бирга, Манчестер Сити ҳимоячиси Жоско Гвардиол ҳам Мюнхен клубига ўтишга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Гвардиол Бавария клубининг ашаддий мухлиси экани ва ёзда жамоасини тарк этишни хоҳлаётгани айтилмоқда. Стоунздан фарқли ўлароқ, Гвардиолнинг трансфери клуб учун анча қимматга тушиши мумкин, аммо у чап қанот ҳимоясида ҳам ўйнай олиши билан раҳбариятни ўзига жалб қилмоқда.













