Тошкентда ёмғирдан кейин ёзги жазирама бошланади

Тошкент шаҳрида ҳафта бошида об-ҳаво бироз ўзгарувчан кечиши кутилмоқда. 26 май куни кечқурун ва 27 май давомида пойтахтда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, айрим ҳудудларда момақалдироқ кузатилиши мумкин.
Синоптик маълумотларга кўра, ҳафтанинг дастлабки кунларида ҳаво ҳарорати нисбатан мўътадил бўлади. Кундузги ҳарорат +26...+30 даража атрофида сақланади. Бу эса ёзги иссиқ бошланишидан аввалги қисқа “нафас ростлаш” давридек кўринади.
27 май куни ҳам пойтахт аҳолиси осмонда булутлар, қисқа ёмғир ва момақалдироққа тайёр туриши керак. Шу сабаб кўчага чиққанда соябон ёки енгил ёмғирпўш олиб юриш зарар қилмайди. Айниқса, кечки пайтларда ҳаво кескин ўзгариб қолиши эҳтимоли бор.
28 майдан бошлаб эса Тошкентда қуруқ ва барқарор об-ҳаво ҳукм сура бошлайди. Ёғингарчилик эҳтимоли камаяди, қуёшли кунлар кўпаяди ва ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади.
Ой охирига бориб пойтахтда ҳақиқий ёзги иссиқлик сезила бошлайди. Дам олиш кунлари термометр кўрсаткичи +33...+36 даражагача етиши мумкин. Бу эса Тошкентда ёз фасли ўзини жиддий билдиришни бошлаётганидан дарак беради.
Мутахассислар бундай кунларда кундузги пайтда қуёш остида узоқ қолмаслик, кўпроқ сув ичиш ва енгил кийим танлашни тавсия қилади. Айниқса, кекса ёшдагилар, болалар ва юрак-қон томир касалликлари бор фуқаролар иссиқ ҳавода эҳтиёткор бўлгани маъқул.
Қисқаси, Тошкентда ҳафта момақалдироқ ва қисқа ёмғир билан бошланади, аммо кейин қуруқ ва иссиқ кунлар кириб келади. 28 майдан кейин ҳаво аста-секин қизийди, ой охирида эса ҳарорат +36 даражагача кўтарилиши мумкин. Демак, соябонни бир-икки кун ушлаб турамиз, кейин эса сув идиш ва кепка режимини ёқамиз.













