
Алена Аитова Ўзбекистон номидан биринчи бор Ҳимолай тоғларидаги Айленд-Пик (Имжатсе) чўққисини забт этган аёл бўлди. У чўққига чиқиш жараёнини Instagram саҳифасида видео орқали бўлишди.
Аитова Айленд-Пикни забт этишни ўзининг энг мураккаб, аммо энг эсда қоларли тоғ саёҳати деб атади. Мазкур тоғ Хумбу ҳудудида, Эверест тоғ массивига яқин жойлашган бўлиб, музликлар орасидаги «орол» силуэти туфайли Айленд-Пик деб номланган.
Тоғнинг баландлиги 6,1 минг метрдан ошади. Унга биринчи марта 1956 йилда Ҳанс-Рудольф фон Гунтен томонидан чиқилган.
Айленд-Пик кўпинча Ҳимолай тоғларининг баландроқ чўққиларига чиқишдан олдин машқ қилиш учун танланадиган тоғ ҳисобланади. Бундан аввал Аитова Африканинг энг баланд нуқтаси – 5,8 минг метр баландликдаги Килиманжаро тоғини ҳам забт этган эди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.