date

Кореяда нолегал меҳнат қилувчи ўзбекистонликлар кўпаймоқда

Кореяда нолегал меҳнат қилувчи ўзбекистонликлар кўпаймоқда

Жанубий Кореяда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари орасида ноқонуний мақомга ўтаётганлар сони сўнгги пайтларда кескин ошмоқда. Ҳозирда бу кўрсаткич қарийб 9 фоизни ташкил этмоқда. Агар у 10 фоиз чегарасидан ошса, Корея Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни тўлиқ тўхтатиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Алишер Абдусаломов 17 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган элчилар ва тадбиркорлар иштирокидаги учрашувда маълум қилди.

Элчининг таъкидлашича, Кореяга расмий тартибда бориб, кейинчалик иш жойини тарк этиб, ноқонуний меҳнат фаолиятига ўтаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Айни пайтда Жанубий Кореяда тахминан 100 минг нафар ўзбекистонлик истиқомат қилади ва уларнинг деярли 9 фоизи нолегал ҳолатда ишламоқда. Дипломат бу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ва имижига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Муаммо фақат меҳнат миграцияси билан чекланиб қолмаяпти. У таълим соҳасида ҳам кузатилмоқда. Элчининг сўзларига кўра, Кореяга тил курслари ёки олий таълим муассасаларига ўқиш мақсадида келган айрим ёшлар ўқишни ташлаб, ишлашга ўтиб, виза талабларини бузмоқда. Бу ҳолат тартибли миграцияга жиддий тўсқинлик қилиб, корейс иш берувчилари орасида ўзбекистонлик ишчиларга нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, Алишер Абдусаломов Жанубий Корея ҳар йили Ўзбекистонга E-8 турдаги мавсумий иш визаси бўйича 5 мингта квота ажратишини, бироқ амалда ушбу имкониятдан атиги 600 га яқин фуқаро фойдаланаётганини маълум қилди. Айни вақтда Ўзбекистондан Кореяга ишчилар фақат Миграция агентлиги орқали расмий равишда юборилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Жанубий Кореяда таҳсил олаётган хорижий талабалар орасида виза қоидаларини энг кўп бузувчилар қаторида ўзбекистонликлар ҳам бор. Хусусан, 2024 йилда D-2 талабалик визаси билан келиб қоидабузарликка йўл қўйган талабаларнинг 13 фоизи Ўзбекистон фуқароларига тўғри келган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кореяда нолегал меҳнат қилувчи ўзбекистонликлар кўпаймоқда