
Венесуэла мухолифати етакчиси ва Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Мария Корина Мачадо мамлакатни тарк этиб, пайшанба куни Осло шаҳрига етиб борди. Унинг қочиши АҚШ вакиллари ва Николас Мадуро режимининг айрим аъзолари иштирокидаги махфий операция ёрдамида амалга оширилди.
Бу ҳақда Bloomberg, Guardian, New York Times ва Wall Street Journal хабар берди. Америкалик расмийлар берган маълумотга кўра, 58 ёшли Мачадо ўз йўлини сешанба куни бошлаган.
У ноқонуний миграция учун энг хавфли йўллардан бирини танлаган. Мачадо Каракасдан яширинча, парик ва грим ёрдамида чиқиб кетган ва ўн соатлик йўлни босиб ўтиб, мамлакат шимолидаги балиқчилар қишлоғига етиб борган.
У ерда денгиз орқали Курасао оролига олиб ўтилган. Курасао оролидан Мачадо бизнес джет самолётида АҚШнинг Мен штатидаги Бангор шаҳрига учиб, сўнгра Норвегияга йўл олган.
У Каракасдан Ослога қадар тахминан 8 850 километр масофани босиб ўтган, бунда денгиз орқали сафар ва бир неча парвозларни амалга оширган. Мачадонинг қочиши ўнлаб одамларнинг ёрдами билан амалга оширилган.
Улар уни яширган ва Венесуэладан чиқиб кетишга шароит яратган. Мачадо 2024 йилдан буён ер ости ҳаракатида бўлиб келаётганди.
Пайшанба куни эрта тонгда Мачадо Ослонинг марказидаги Grand Hotel меҳмонхонасининг балконида кўриниш берди. Уни тарафдорлари қарсаклар билан кутиб олишди.
Нобел қўмитаси раиси билан телефон орқали суҳбатда Мачадо Венесуэладан чиқиб кетиши учун жонини хавф остига қўйганларга миннатдорчилик билдирди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.