date

Ўзбек талабалари депортациядан қутқарилди: омбудсманлар самарали ҳаракат қилди

Ўзбек талабалари депортациядан қутқарилди: омбудсманлар самарали ҳаракат қилди

Ўзбекистон ва Россия омбудсманларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари орқали Россияда таҳсил олаётган 31 нафар ўзбек талабаси депортация хавфидан асраб қолинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги расман маълум қилди.

Маълум бўлишича, юзага келган муаммо талабаларнинг айби билан эмас, балки Москва шаҳридаги Олий иқтисодиёт мактабининг техник ва ташкилий хатоси сабаб пайдо бўлган. Таълим муассасаси талабалар учун миграция ҳисобини узайтиришга доир ҳужжатларни белгиланган муддатда топширмаган. Шу сабабли, ёшлар 90 кундан ортиқ вақт давомида Россия ҳудудида расмий рўйхатдан ўтмаган ҳолда қолиб кетган.

Бу ҳолат эса қонунчиликка кўра, ҳар бир талаба учун 40 минг рубл миқдорида жарима ва мамлакатдан чиқариб юборилиш хавфини келтириб чиқарган. Вазият жиддий тус олган бир пайтда талабалар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилиб, ёрдам сўрашган.

Масала зудлик билан Ўзбекистон ва Россия омбудсманлари даражасида кўтарилиб, Россия Ички ишлар вазирлигига расмий мурожаат қилинган. Натижада, талабаларга нисбатан жарима қўлламаслик ва уларни депортация қилмаслик бўйича аниқ кўрсатма берилган.

Текширув ишлари якунлангач, барча талабаларнинг Россияда қолиш муддати узайтирилди ва уларнинг миграция мақоми тўлиқ тикланди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур иш доирасида депортация хавфи остида қолган бошқа МДҲ давлатларидан келган 200 нафарга яқин талабанинг ҳам ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.

Ушбу воқеа омбудсманлар институтининг амалий аҳамиятини яна бир бор намоён қилди. Энг муҳими, ёшларнинг таълим олиши, келажаги ва ҳуқуқлари ўз вақтида ҳимоя қилиниб, адолат қарор топди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ўзбек талабалари депортациядан қутқарилди: омбудсманлар самарали ҳаракат қилди