Buxoro scores in final minutes: Mashʼal loses in 10th match

Ўзбекистон Суперлигасининг 10-тури доирасидаги баҳслардан бири Ғузор шаҳрида бўлиб ўтди. Унда «Машъал» ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилди ва драматик тарзда мағлубиятга учради.
Учрашув узоқ вақт давомида тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа эҳтиёткор ўйин намойиш этиб, имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Аммо ўйин тақдирини ҳал қилган лаҳза 86-дақиқада юз берди. Захирадан майдонга тушган Шерзод Эсанов аниқ зарба билан меҳмонларга ғалаба келтирди.
Қизиқ жиҳати, учрашув ҳар икки томон учун ҳам осон кечмади. Беллашув давомида ҳар икки жамоа биттадан футболчисини майдондан четлатди. «Машъал» сафида Абдулрашид Абубакар 66-дақиқада қизил карточка олган бўлса, «Бухоро»дан Асад Жўрабоев 76-дақиқада ўйиндан чиқарилди.
Суперлига. 10-тур
Машъал — Бухоро 0:1
27 апрел. Ғузор. «Марказий» стадион
Гол: Шерзод Эсанов (86).
Машъал — Достон Тўхтабоев, Зафар Акрамов, Самандар Очилов, Сардор Абдураимов (Виашима Аягва, 75), Ҳумоюн Муртозаев, Абдулрашид Абубакар, Муҳаммадали Алиқулов (Нуржаҳон Музаффаров, 46), Эргаш Исмоилов, Шерзод Файзиев, Роман Хажиев, Аугустин Чиди Квем (Иброҳим Ғаниxонов, 90+1).
Бухоро — Умид Ҳамроев, Велко Филипович, Равшан Хайруллаев (Анвар Жўраев, 83), Хуршид Мухторов, Ника Качарава (Асад Жўрабоев, 72), Шаҳзод Убайдуллаев (Шерзод Эсанов, 67), Жавоҳир Рўзиев, Муҳаммад Йўлдошев, Кирилл Тодоров, Владимир Родич (Асилбек Қаюмов, 83), Доминик Бегич (Темур Мамасиддиқов, 46).
Четлатишлар: Абдулрашид Абубакар (66) — Асад Жўрабоев (76).
Бу натижадан сўнг Александр Хомяков бошчилигидаги «Бухоро» очколар сонини 17 тага етказиб, турнир жадвалида 4-поғонага кўтарилди ва юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
«Машъал» эса аксинча, оғир вазиятда қолмоқда. Муборакликлар ҳалигача очко жамғармаган ҳолда, ўз антирекордини янгилаб, сўнгги ўринда қолиб кетди.
Қисқача айтганда, футболда 90 дақиқа тугамагунча ҳеч нарса ҳал бўлмайди. «Бухоро» буни яна бир бор исботлади.
Read “Zamin” on Telegram!