
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил учун давлат бюджети лойиҳасини эълон қилди. Мазкур ҳужжат илгари Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда маъқулланган эди.
Консолидацияланган бюджет тушумлари келгуси йилда 515,3 триллион сўмдан ошиши, харажатлар эса 567 триллион сўмни ташкил қилиши кутилмоқда. Бюджет тақчиллиги 59,9 триллион сўм – ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоиздан кам миқдорда белгиланиши режалаштирилган.
Давлат бюджети даромадлари 369 триллион сўм, харажатлари эса 402,4 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодиёт вазирлиги хабаридан маълум бўлишича, келгуси йилда давлат таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва хавфсизлик соҳаларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради.
Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича режалар белгиланган. Шунингдек, иқтисодиёт вазирлиги хориждан қарз олиш учун йиллик лимитни 5 миллиард доллар миқдорида белгилаган, бу жорий йил кўрсаткичидан 500 миллион долларга кам.
Хорижий ҳамкорлардан олинадиган маблағлар бюджет ва инвестиция лойиҳаларига тенг равишда – 2,5 миллиард доллардан йўналтирилиши режалаштирилган. Бюджетни хавф остига қўймаслик мақсадида давлат мажбуриятлари билан боғлиқ янги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг қиймат лимитини 6,5 миллиард доллар миқдорида қолдириш қарор қилинган.
Шунингдек, давлат ғазнасидан ҳудудларга 19,7 триллион сўм миқдорида тартибга солувчи трансфертлар ажратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғининг 5 фоизи Тошкент шаҳри, 20 фоизи эса вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ихтиёрига ўтказилади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.