
Олий Мажлис Сенати мамлакатнинг 2026 йил учун мўлжалланган давлат бюджетини расман тасдиқлади. Парламент юқори палатаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, келгуси йилда давлат бюджети даромадлари 368,9 триллион сўмни, умумий харажатлар эса 402,6 триллион сўмни ташкил этиши режалаштирилган.
Бюджет сиёсатида анъанавий тарзда ижтимоий йўналиш устувор деб белгиланган. Хусусан, ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун жами 220 триллион сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. Ушбу маблағларнинг катта қисми таълим тизимига йўналтирилади — соҳа учун 100 триллион сўм миқдорида ресурс ажратилади. Соғлиқни сақлаш тизими ҳам эътибордан четда қолмади: тиббиёт соҳасига 49 триллион сўм сарфланиши режалаштирилган.
Ҳукумат макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишни ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгилаган. Шу мақсадда инфляция даражасини 7 фоиз атрофида ушлаб туриш, бюджет тақчиллигини эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик режалаштирилмоқда.
2026 йил учун давлат сиёсатидаги асосий устувор йўналишлар сифатида “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш белгиланган. Бу йўналишлар орқали иқтисодий ўсиш билан бирга аҳоли турмуш сифати ошишига эришиш мақсад қилинган.
Шунингдек, мақсадли жамғармаларнинг келгуси йилги молиявий кўрсаткичлари ҳам маъқулланди. Унга кўра, жамғармалар даромадлари 78,6 триллион сўмни, харажатлари эса 74,4 триллион сўмни ташкил этади.
Қисқаси, 2026 йил бюджети ижтимоий ҳимоя, таълим ва тиббиётга таянадиган, бир вақтнинг ўзида иқтисодий барқарорлик ва экологик тараққиётни мақсад қилган муҳим молиявий ҳужжат сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.