date

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари рекорд даражада кўпайди

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари рекорд даражада кўпайди

Марказий банк бир неча кун олдин Ўзбекистоннинг халқаро захиралари бўйича янгиланган маълумотларни эълон қилди. 1 январ ҳолатига кўра, мамлакатнинг халқаро активлари 66,3 млрд долларгача кўтарилди. Бу эса ҳозиргача қайд этилган энг юқори, мутлақ рекорд кўрсаткич сифатида тилга олинмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, захираларнинг асосий қисми айнан олтин ҳиссасига тўғри келган. Яъни 66,3 млрд долларлик умумий активларнинг 55 млрд доллари, бошқача айтганда, тахминан 83 фоизи олтин кўринишида шаклланган.

Таққослаш учун, 2025 йил 1 январ ҳолатида Ўзбекистоннинг халқаро активлари 41,2 млрд доллар эди. Ўша пайтда олтин улуши 32 млрд доллар атрофида қайд этилган. Демак, нархлар қимматлашгани ва олтиннинг умумий қиймати ўсгани ҳисобидан олтин активлари бир йил ичида 72 фоизга ёки 23 млрд долларга кўпайган.

Ўзбекистоннинг олтин бўйича позицияси бу билан тугамайди. Мамлакат дунёдаги йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва уни ташқи бозорга фаол чиқарадиган давлатлар қаторида. Рақамлар ҳам шуни кўрсатади: 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2023 йилда 8,2 млрд долларлик, 2024 йилда 7,5 млрд долларлик олтин сотилган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 9,9 млрд долларгача ошган.

Эндиликда энг қизиқ нуқта — келгуси йил манзараси. Агар йил давомида олтиннинг ўртача нархи унцияси учун 5500 долларни ташкил этса, Ўзбекистон 2026 йилда 20,8 млрд долларлик қимматбаҳо металл экспортини амалга ошириши мумкин. Бу каби ўсишлар эса оддий қилиб айтганда, давлат бюджет даромадларига ҳам, валюта тушумларига ҳам ва умумий курс барқарорлигига ҳам сезиларли туртки беради.

Қисқаси, олтин нархининг қимматлаши Ўзбекистон учун фақат “статистикадаги чиройли рақам” эмас — у тўғридан-тўғри иқтисодий барқарорликка таъсир қиладиган катта омил.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистоннинг халқаро захиралари рекорд даражада кўпайди