АҚШ учувчисини қутқариш операцияси ҳақида яна нималар маълум? (видео)

АҚШ ҳарбий кучлари томонидан амалга оширилган навбатдаги махсус операция жаҳон оммавий ахборот воситалари диққат марказига айланди. Ҳарбий ҳаракатлар жараёнида икки самолёт йўқотилган бўлса-да, америкалик учувчини қутқариш бўйича ўтказилган операция муваффақиятли якунланди.
Маълумотларга кўра, вақтдан ютиш мақсадида ахборот майдонида учувчи гўёки аллақачон Эрон кучлари томонидан аниқлангани ва мамлакат ичкарисига олиб кирилгани ҳақида атайлаб ёлғон хабарлар тарқатилган. Бу орқали ҳақиқий қутқарув ҳаракатларини яшириш ва рақибни чалғитиш режалаштирилган.
Разведка маълумотлари тезкор тарзда Пентагон ва Оқ уйга етказилди. Шундан сўнг ҳарбийлар шошилинч равишда операцияни шакллантириб, эвакуация ишларини бошлаб юборди.
Операция давомида АҚШ авиацияси Эрон конвойларига зарбалар берди. Бу ҳаракатлар рақиб кучларининг учувчига етиб боришини олдини олиш мақсадида амалга оширилди. Жараёнда қуролли тўқнашувлар ҳам кузатилди.
Учувчи эса тоғли ҳудудда яшириниб, махсус фавқулодда сигнал чироғини ёққан ҳолда қутқарувчилар билан алоқани узмасдан турди. Унинг сабр-тоқати ва совуққонлиги операция муваффақиятида муҳим омил бўлди.
Қутқарув миссияси осон кечмади: АҚШ томони икки транспорт воситасини йўқотди. Базадаги техник носозликлар сабаб айрим ускуналар ишдан чиққан ва уларнинг рақиб қўлига тушмаслиги учун самолётлар портлатиб юборилган.
Операцияни якунлаш мақсадида яна учта самолёт жалб қилинди. Натижада қутқарилган экипаж аъзоси махсус кучлар ҳамроҳлигида хавфсиз ҳудудга олиб чиқилди.
Қутқарув жараёнининг илк кадрлари Лористон вилоятининг Куҳдашт шаҳри яқинидаги Куҳ-э-Сияҳ туманида тасвирга олинган. Маълум бўлишича, уриб туширилган F-15E экипажининг иккинчи аъзоси маҳаллий аҳоли паноҳига ўтган, аммо кўп ўтмай маҳаллий қуролли гуруҳлар томонидан қуршаб олинган.
Эвакуация учун A-10C+ штурмовик самолётлари ҳамда HH-60W CSAR вертолётлари жалб этилди. Ҳужумчи самолётлар рақиб позицияларига аниқ зарбалар бериб, қутқарув гуруҳларига йўл очди. Шу тариқа учувчи асирга тушиб қолиш хавфидан олдин қутқариб олинди.
Пентагон ушбу операцияни замонавий тарихдаги энг мураккаб махсус миссиялардан бири сифатида баҳолади. АҚШ президенти Доналд Трамп эса: “Биз америкалик жангчини ҳеч қачон ёлғиз қолдирмаймиз”, — дея таъкидлади.
Ушбу воқеа замонавий ҳарбий операцияларда ахборот уруши, тезкор қарор қабул қилиш ва технологияларнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён қилди.













