40 йил сукут сақлаган “Луноход” яна сигнал юборди

Луноход-1 1971 йилда алоқаси узилганидан сўнг яна олимлар диққат марказига тушди. Ой юзасида қолиб кетган совет аппаратидан кутилмаган тарзда сигнал қайд этилгани маълум бўлди. Бу ҳақда SpaceDaily хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Луноход-1 1970 йил ноябрь ойида Луна-17 доирасида Ойга етказилган. Дастлаб аппарат қисқа вақт ишлаши режалаштирилган бўлса-да, у қарийб бир йил давомида фаолият олиб бориб, Ой юзасида 10,5 километрга яқин масофани босиб ўтган ва Ерга кўплаб фотосуратлар ҳамда илмий маълумотларни юборган.
Аппарат билан алоқа 1971 йил кузида бутунлай йўқолган. Вақт ўтиши билан олимлар унга ўрнатилган лазер қайтаргичдан ҳам фойдалана олмай қолган, чунки “Луноход-1”нинг аниқ жойлашув нуқтаси номаълум бўлиб қолган эди.
Вазият 2010 йилда ўзгарди. Американинг Lunar Reconnaissance Orbiter Ой юзасининг батафсил тасвирларида аппаратни аниқлади. Шундан кейин тадқиқотчилар “Луноход” томон лазер импульси юбориб, кучли жавоб сигналига эга бўлишди.
Олимлар таъкидлашича, совет аппаратидаги лазер қайтаргич ҳатто Луноход-2никидан ҳам самарали чиққан. Илк ўлчовларда аппарат тахминан 2 минг фотонни қайтаргани аниқланган. Бу эса аввалги 750 фотонлик рекорддан анча юқори натижа сифатида баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, бундай лазер ўлчовлари Ер ва Ой ўртасидаги масофани юқори аниқликда ҳисоблаш, шунингдек, Ой ҳаракати ва унинг ички тузилишини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.













