Францияни куйдирган аномал иссиқ ўлимларга сабаб бўлди


Францияда кузатилаётган кескин иссиқ ҳаво оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида ҳарорат май ойи учун рекорд даражага етиб, аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, қурбонларнинг беш нафари сувда чўкиб кетган бўлса, яна икки киши очиқ ҳавода ташкил этилган спорт тадбирлари пайтида вафот этган. Шунингдек, ўнлаб фуқаролар соғлиғи ёмонлашгани сабаб шифохоналарга олиб кетилган. Айрим беморларнинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Météo-France маълумотига кўра, мамлакат жануби-ғарбидаги айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 37 даражадан ошиб кетган. Бу эса Францияда кузатувлар тарихидаги энг иссиқ май кунларидан бири сифатида қайд этилди.
Аномал иссиқ фақат Франция билан чекланиб қолмаяпти. Буюк Британияда ҳам ҳарорат рекорд даражага чиққан. Испанияда эса синоптиклар 40 даражагача иссиқ бўлишини прогноз қилмоқда. Италиянинг айрим ҳудудларида очиқ осмон остида ишлашга чекловлар жорий этилган.
Мутахассислар бу ҳолатни иқлим ўзгариши ва Африка томондан келган иссиқ ҳаво оқими билан изоҳламоқда. Уларга кўра, Европа устида ҳосил бўлган “иссиқ гумбази” юқори ҳароратнинг узоқ сақланишига сабаб бўлмоқда.
Экспертлар келажакда бундай иссиқ тўлқинлари янада тез-тез такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Айни пайтда, жаҳон прогноз марказлари Ўзбекистонда ҳам бу йил ёз фасли одатдагидан иссиқроқ бўлиши мумкинлигини билдирган.













