Қурбонлик қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 27 май, чоршанба кунига тўғри келиши муносабати билан юртдошлар кетма-кет беш кун дам олиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Мусулмонлар идораси қурбонлик қилиш тартиби, шартлари ва одоблари ҳақида муҳим тавсияларни эълон қилди.
Маълум қилинишича, қурбонлик вожиб бўлиши учун тўрт асосий шарт мавжуд. Яъни инсон мусулмон, озод, нисоб миқдорига эга ва муқим бўлиши лозим. Мусофир шахсга эса қурбонлик вожиб саналмайди.
Қурбонлик фақат айрим жонлиқлар орқали адо этилади. Хусусан, қўй, эчки, қорамол ва туя қурбонлик қилиш учун муносиб ҳайвонлар ҳисобланади. Қўй ва эчкини бир киши сўйиши мумкин бўлса, қорамол ва туяда етти нафаргача шерик бўлиб қурбонлик қилишга рухсат берилади.
Шунингдек, ҳайвоннинг ёши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қўй камида олти ойлик, қорамол икки ёшдан, туя эса беш ёшдан катта бўлиши шарт. Мутахассислар қурбонлик учун семиз, бақувват ва нуқсонсиз жонлиқ танлаш афзал эканини таъкидламоқда.
Қурбонликка яроқсиз ҳайвонлар ҳақида ҳам огоҳлантирилди. Қулоғи, думи ёки кўзининг катта қисми йўқ, жуда озғин, касал ёки чўлоқ ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз эмас.
Қурбонлик вақти ҳайит намозидан кейин бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан якунланади. Шунингдек, қурбонлик ўрнига пул ёки жонлиқ қийматида маблағ бериш қурбонлик эмас, балки садақа ҳисобланиши айтилди.
Мусулмонлар идораси қурбонлик қилишда одобларга ҳам амал қилиш муҳимлигини эслатди. Хусусан, ниятнинг холис бўлиши, қурбонлик қилувчи зулҳижжа ойи бошидан қурбонликка қадар соч-соқол олмаслиги, ҳайвонни азобламаслик ва сўйиш қоидаларига амал қилиш тавсия этилди.
Шу билан бирга, пичоқни ҳайвон олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвонлар кўзи олдида сўймаслик каби жиҳатлар ҳам қурбонлик маданиятининг муҳим қисми экани қайд этилди.













