Бола туғилиши билан мактабга онлайн ҳисобга қўйилиши тартиби жорий этилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабарига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб бола туғилиши билан доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган умумий ўрта таълим муассасасига онлайн ҳисобга қўйилади.
2023 йил 1 октябрдан бошлаб нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда ўқитувчиларнинг тоифалари ҳамда битта синфда таълим олувчиларнинг максимал сонига қўйилган талаблар енгиллаштирилади.
2023/2024-ўқув йилидан бошлаб “Сирдарё тажрибаси” асосида ҳар битта ҳудудда биттадан замонавий “Баркамол авлод” мактаблари ташкил қилинади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Баркамол авлод” болалар мактаблари аъзоларининг IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳамда робототехника йўналишлари бўйича стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йиллик грантлар ажратиб борилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишганди.
Юқори синфларда фанлар сони 3 тага қисқариб, 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани жорий этилади. Педагогларни сертификатлаш, директорларни эса «Директорлар кенгаши» тавсияси асосида лавозимга тайинлаш бошланади. ХТБларнинг мактаблар фаолиятини текшириш ваколати бекор қилиниб, бу ҳуқуқ янги очилган Таълим марказига ўтказилади.













