Сирли “ўқишга киритиш” ваъдаси: Самарқандда фирибгар ушланди

Самарқанд вилоятида фирибгарлик билан боғлиқ ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилди. Фуқароларнинг ишончига кириб, олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1988 йилда туғилган, аввал ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган шахс ёш фуқаронинг ишончига кириб, уни ўз фаолияти билан боғлиқ техникумга “дуал таълим” асосида ўқишга жойлаштириб қўйишини ваъда қилган.
У хизмат эвазига дастлаб 10 миллион сўм талаб қилган. Шундан сўнг олдиндан 700 минг сўм олган, қолган 9 миллион 300 минг сўмни эса “кимёвий ишлов берилган пуллар” кўринишида қабул қилаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳодиса юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодекси 168-модда бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.













