Самарқандда ҳайдовчи ухлаб қолгани сабабли дахшатли ЙТҲ содир этди

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса 16 май куни соат 04:30 ларда М-37 \"Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши\" автомобиль йўлининг 118 километрида юз берган.
Маълумотларга кўра, \"FAV\" русумли автомобиль ҳайдовчиси Самарқанд–Навоий йўналишида ҳаракатланаётган вақтда рул бошқарувини йўқотган. Оқибатда у йўл четида тўхтаб турган \"Sinotruk Howo\" юк автомобилининг чап ён қисмига бориб урилган.
Шундан сўнг транспорт воситаси ҳаракатни тўхтата олмай, олдинда турган яна бир юк автомобилининг орқа қисмига ҳам тўқнашган. ЙТҲ натижасида ҳар икки юк машинасида ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин ФВБ ходимлари томонидан қисқа вақтда бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ЙҲХГ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.













