Қарздорликни ундириш мақсадида “Jetour x90 plus” автомобили хатланди

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2025 йил 13 ноябрдаги ижро варақасига асосан қарздор У.Э.дан 456 миллион 916 минг сўм қарздорликни ундириш белгиланган.
Суд қарорига мувофиқ, ундирув қарздорга тегишли бўлган “JETOUR X90 PLUS” русумли автотранспорт воситасига қаратилган.
Қарздор томонидан ихтиёрий муддатда қарздорлик тўланмагани сабабли давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари бошланиб, автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида автомашинанинг турган жойи аниқланди. Бироқ, қарздор транспорт воситасини топширишдан бош тортганлиги сабабли, махсус эвакуатор жалб қилиниб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди ҳамда тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди.
Ҳозирда автотранспорт воситасини реализация қилиш ва тушган маблағлар ҳисобидан қарздорликни қоплаш чоралари кўрилмоқда.













