Оҳангаронда сув кўтарилди: дарё ўртасида аёл қолиб кетди

Бугун, 23 май куни Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Оҳангарон дарёсида хавфли ҳолат юз берди. Дарё ўртасидаги кичик қуруқликда бир нафар аёл қолиб кетиб, қутқарувчилар ёрдамига муҳтож бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, соат 10:20 атрофида Олмалиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимига мазкур ҳолат юзасидан шошилинч хабар келиб тушган. Хабарда дарё ўртасидаги ҳудудда фуқаро қолиб кетгани ва унинг хавфсизлиги таъминланиши зарурлиги таъкидланган.
Аниқланишича, дарёда сув сатҳи кутилмаган тарзда кескин кўтарилиб, оқим кучайиб кетган. Шу сабабли аёл мустақил равишда қирғоққа чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган ва хавфли вазиятда қолиб кетган.
Воқеа жойига тезкорлик билан етиб келган қутқарувчилар махсус жиҳозлар ёрдамида қутқарув ишларини амалга оширган. Улар аёлни дарё ўртасидан эҳтиёткорлик билан олиб чиқиб, хавфсиз ҳудудга етказган.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида аёл жароҳат олмаган. Мутахассислар эса бундай вазиятларда дарёлар яқинида эҳтиёткор бўлиш, сув сатҳидаги ўзгаришларга эътибор қаратиш муҳимлигини яна бир бор эслатмоқда.













