Шаҳзода Муҳаммедова муқаддас сафардан таъсирли лавҳалар улашди

Актриса, дизайнер ва бошловчи Шаҳзода Муҳаммедова айни дамда муқаддас зиёрат сафарида эканини маълум қилди. У дастлаб Мадина шаҳрида бўлганини, ҳозир эса Маккада эканини Instagram саҳифаси орқали мухлислари билан бўлишди.
Санъаткор ўз саҳифасига видеопостлар жойлаб, сафар давомида бошдан кечираётган ҳис-туйғуларини самимий тарзда ифода этди. У видеолардан бирига қуйидаги таъсирли изоҳни ёзиб қолдирган:
“Энг гўзал тонгни қарши олдик. Яна такрор — учинчи бор шу масканларга етказганингга шукр! Ёмон йўллардан адаштирмай, Аллоҳга яқинлашаётганимизнинг ўзи катта мўъжиза...”
Мазкур пост қисқа вақт ичида кўплаб кузатувчилар эътиборини тортди. Изоҳларда мухлислар санъаткорнинг зиёратига ҳавас билдирар экан, ўзларига ҳам шундай сафар насиб этишини Аллоҳдан сўраб қолишган.
Шаҳзода Муҳаммедованинг ушбу самимий чиқиши ижтимоий тармоқларда илиқ муносабатларга сабаб бўлмоқда.













