Саҳнадаги рад этиш: “таклиф” видеоси ортидаги ҳақиқат очилди

\"Беном\" гуруҳининг концерти давомида кутилмаган “романтик” ҳолат томошабинлар эътиборини тортди. Йигит залнинг ўзида севгилисига таклиф қилишга қарор қилди — қўлида атиргул гулдастаси ва узук билан у қизнинг олдига келиб, тиз чўкди. Барчаси классик муҳаббат лаҳзасини эслатарди.
Бироқ воқеалар кутилганидек ривожланмади. Қиз таклифни рад этди, гулларни қайтариб берди ва йигитни ҳамманинг кўз ўнгида қолдириб кетди. Бу ҳолат залдагиларни ҳайратга солди.
Воқеа акс этган видео қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар йигитга ҳамдардлик билдирган бўлса, бошқалар қизнинг қарорини қўллаб-қувватлади.
Кейинчалик эса бу “драма” аслида саҳналаштирилган деган гап-сўзлар тарқалди.
Ушбу фикрларга йигит изоҳ берди. Унинг айтишича: “Кўпчилик буни уюштирилган деди. Биз аввал бирга турли видеолар ва контентлар суратга олганмиз. Аммо бу сафар у бундан бехабар эди, чунки мен ўша қизни чин дилдан яхши кўриб қолган эдим. Беном гуруҳининг концертида унга турмуш қуришни таклиф қилишга қарор қилдим. Афсуски, ҳаммаси кутганимдек бўлмади — у рад этди.”













