Анжелика Есимбетова: “Оила қуриб, фарзандли бўлишни истайман”

Кино ва театр актрисаси Анжелика Есимбетова “Миллий” телеканалининг “Аёл қалби” дастурида меҳмон бўлиб, ҳаётининг энг оғир ва таъсирли даврлари ҳақида очиқчасига сўзлаб берди. Суҳбат давомида актриса табиий йўл билан вазн ташлаш тажрибаси, ижодий мақсадлари ҳамда оила қуриш орзуси ҳақида фикр билдирди.
Актрисанинг айтишича, қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолар сабаб гормонал дори воситаларини қабул қилган ва бу унинг вазни кескин ошишига олиб келган. Шу даврда у “Намозшомгул” фильми учун тайёргарлик кўраётган бўлиб, роль талабига кўра аввал ортиқча вазнда, кейин эса анча озган ҳолда кўриниши керак эди.
Ўша вақтда унинг вазни 151 килограммга етган. Картина сценарийига мувофиқ, камида 30 килограмм озиши талаб қилинган. Актриса бу жараёнда ҳеч қандай операция ёки сунъий усулларга мурожаат қилмаганини таъкидлади. У тўрт ой давомида деярли ташқи дунёдан узилиб, фақат фитнес, тўғри овқатланиш ва мутахассислар тавсияси асосида ҳаракат қилган.

Натижада биринчи ойнинг ўзида 12 килограмм, уч ойда 33 килограмм, суратга олиш ишларидан кейин эса яна 7 килограмм вазн ташлаб, жами 40 килограмм ортиқча оғирликдан халос бўлган.
Анжелика Есимбетова давлат фильмларида тарбиявий ғоя биринчи ўринда туриши кераклигини ҳам таъкидлаб, одамларга енгил йўл эмас, соғлом ва табиий усуллар намуна бўлиши лозимлигини айтди.
Суҳбат давомида актриса шахсий ҳаёти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, отаси дастлаб актриса бўлишини истамаган. Сабаб сифатида эса бу касбда оила қуриш қийинлигини айтган. Шунга қарамай, у актёрлик соҳасини танлаган ва оиласи учун катта масъулиятни зиммасига олган.

Актриса турмуш қурмагани ҳақидаги саволлар унга оғир ботишини ҳам яширмади.
Унинг таъкидлашича, машҳурлик ва мухлислар меҳри инсонни тўлиқ бахтли қилмайди. Энг катта орзуси — оила қуриш, фарзандли бўлиш ва шу билан бирга ижодда ҳам юксак натижаларга эришиш.
Анжелика Есимбетова келажакда халқаро миқёсда ижод қилишни, ҳатто Америкада ҳам фаолиятини давом эттиришни режалаштираётганини айтди. Шунингдек, у ўзбек ва қорақалпоқ санъати тарихида “Оскар” мукофотини қўлга киритган биринчи аёл актриса бўлишни орзу қилишини ҳам таъкидлади.













