Хоманаий соғлиғи ҳақида янги расмий маълумотлар очиқланди

Хоманаий соғлиғи ҳақида янги расмий маълумотлар очиқланди

АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида жароҳат олган Эрон олий раҳнамоси Можтаба Хоманаийнинг соғлиғи бўйича янги маълумотлар эълон қилинди. Бу ҳақда IRNA давлат ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳусайн Керманпурнинг маълум қилишича, Хоманаий олган жароҳатлар унинг ташқи кўринишига жиддий таъсир кўрсатмаган.

“Олий раҳнамонинг жароҳатлари унинг юзи ёки ташқи қиёфасига шикаст етказадиган даражада эмас эди”, деди Керманпур.

Шунингдек, у Ғарб оммавий ахборот воситаларида тарқалган турли миш-мишларга муносабат билдириб, жароҳатлар ампутация ёки ногиронликка сабаб бўлмаганини таъкидлади.

Эрон олий раҳнамоси идораси протокол хизмати раҳбари Мазаҳер Ҳусайний ҳам Можтаба Хоманаийнинг аҳволи яхшиланиб бораётганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳужумлар вақтида раҳнамо бел ва тизза қисмида жароҳат олган, шунингдек, қулоғи орқасида йиртилган жароҳат кузатилган.

Маълум қилинишича, АҚШ ва Исроилнинг 28 февраль куни Эрон ҳудудига амалга оширган авиаҳужумлари вақтида ўша пайтдаги олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлган. Шундан сўнг унинг ўғли Можтаба Хоманаий 9 мартга ўтар кечаси Эроннинг янги олий раҳнамоси сифатида сайланган эди.

Бироқ у ҳозирга қадар жамоатчилик олдида кўриниш бермаган. Шу вақтгача унинг баёнотлари асосан телевидение орқали ўқиб эшиттирилган ёки ёзма шаклда тарқатилган. 30 апрель куни эса Эрон президенти Масъуд Пезешкиён илк бор Хоманаий билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.