Эрлинг Ҳоланд 12 ўйинда кетма-кет гол уриб Роналду рекордини такрорлади

Манчестер Сити ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд гол уриш сериясини давом эттирмоқда.
Euro-football.ru ёзишича, норвегиялик футболчи учинчи тур доирасида ўтказилган учрашувнинг 17-дақиқасида рақиб дарвозасини ишғол қилди. 25 ёшли Ҳоланд барча мусобақаларда кетма-кет 12-ўйинда гол уришга муваффақ бўлди.
Бу натижа Криштиану Роналду фаолиятидаги рекорд кўрсаткични такрорлади. Лионел Месси эса ўз вақтида 21 та ўйинда кетма-кет гол урган ва бу борада ҳали ҳам етакчилик қилади.
Кетма-кет 12 та ўйинда Ҳоланд жами 22 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилган. Шу тариқа, у Европа футболидаги энг яхши натижалардан бирини кўрсатмоқда.
Эрлинг Ҳоланд сўнгги йилларда Манчестер Сити таркибида юқори натижаларга эришмоқда. Мутахассислар унинг гол уриш борасидаги сериясини давом эттириши мумкинлигини тахмин қилмоқда.













