"Будё-Глимт" сенсация қилди: «Манчестер Сити» Норвегияда мағлуб бўлди

"Будё-Глимт" сенсация қилди: «Манчестер Сити» Норвегияда мағлуб бўлди

Европа Чемпионлар лигасининг 7-турида «Манчестер Сити» Норвегияга сафар қилди ва «Будё-Глимт» меҳмони бўлди. Ўйин олдидан кўпчилик меҳмонлар устун бўлади, деб кутган эди, аммо майдонда бутунлай бошқа сценарий ёзилди.

Учрашувнинг дастлабки қисмида мезбонлар кутилмаган “портлаш” қилди: Хог 22 ва 24-дақиқаларда кетма-кет икки бор дарвозани ишғол этиб, «Будё-Глимт»ни тезда олдинга олиб чиқди. Натижада биринчи бўлим 2:0 ҳисобида норвегияликлар фойдасига якунланди.

Танаффусдан кейин ҳам «Будё-Глимт» босимни пасайтирмади. 58-дақиқада Хауг учинчи голни уриб, таблода 3:0 натижани ёқиб қўйди. Бироқ «Сити» дарҳол жавоб қайтарди: 60-дақиқада Шерки фарқни қисқартириб, интригани оз бўлса-да қайтарди — 3:1.

Лекин 62-дақиқада ўйин тақдирига қаттиқ таъсир қилган эпизод юз берди: Родри иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдонни тарк этди. Сон жиҳатдан камайиб қолган «Манчестер Сити» қолган вақтда вазиятни ўнглашга уринди, аммо ҳисоб ўзгармади — 3:1.

Бу беллашувда Ўзбекистон миллий жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва жамоаси мудофаасида охиригача курашди.

Умумий турнир жадвалида «Манчестер Сити» 13 очко билан 7-ўринда қолди. «Будё-Глимт» эса 6 очко жамғариб, 27-поғонага кўтарилди.

ЕЧЛ. 7-тур
Будё-Глимт – Манчестер Сити 3:1
Голлар: Хог 22, 24, Хауг 58 – Шерки 60

«Манчестер Сити»: Доннарумма, Люис, Абдуқодир Ҳусанов, Аллейн, Аит-Нури, Родри, Рейндерс, О’Райли, Фоден (Мармуш, 70), Шерки, Ҳоланд
Четлатиш: Родри 62 (иккинчи сариқ карточка)

Қисқаси, бу кеча Норвегияда “осон ўйин” деган гап ишламади: «Будё-Глимт» ўз уйида характер кўрсатди, «Сити» эса катта ном ҳам ҳар доим кафолат эмаслигини яна бир бор ҳис қилди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.