Артета: “Мухлислар ишончини оқлай олмадик, улардан узр сўрашимиз шарт"


Англия чемпионатининг 32-тури доирасида Лондоннинг “Арсенал” жамоаси ўз майдонида “Борнмут”га 1:2 ҳисобида кутилмаган мағлубиятга учради. Ушбу натижа чемпионлик учун курашда интригаларни янада кучайтириб юборди.
Учрашувдан сўнг “канонирлар” бош мураббийи Микель Артета жамоа кўрсатган ўйиндан қаттиқ норози эканини яширмади. У мухлисларга ҳам алоҳида мурожаат қилиб, масъулиятни тан олди.
— “Бу ўйинда биз ўз даражамизни кўрсата олмадик. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашига муносиб жавоб беришимиз керак эди. Улардан узр сўрашимиз ва албатта кучайишимиз шарт”, — деди испаниялик мутахассис.
Шунга қарамай, Лондон клуби 70 очко билан Премьер-лигада ҳозирча пешқадам бўлиб турибди. Бироқ иккинчи ўриндаги “Манчестер Сити” учун вазият умидли: улар “Арсенал”дан 9 очко орқада, шу билан бирга икки захира ўйини мавжуд.













