Ферво Энергй акциялари сунъий интеллект талаби фонида 33 фоизга ўсди

Геотермал энергия соҳасидаги стартап Ферво Энергй фонд бозоридаги илк дебютидаёқ муваффақият қозонди. Компаниянинг бозор қиймати 10 миллиард доллардан ошиб кетди, бунга асосан сунъий интеллект (AI) маълумотлар марказларининг электр энергиясига бўлган юқори талаби сабаб бўлди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Чоршанба куни ўтказилган ИПО доирасида Ферво Энергй 1,89 миллиард доллар маблағ жалб қилди. Инвесторлар томонидан билдирилган катта қизиқиш туфайли компания акциялар нархини икки марта оширишга мажбур бўлди ва якунда ҳар бир акция 27 доллардан сотилди. Насдақ биржасида ФРВО белгиси остида савдога чиққан компания акциялари биринчи куниёқ 33 фоизга қимматлади.
Ферво Энергй нефт ва газ саноатида қўлланиладиган йўналишли бурғулаш технологияларидан фойдаланган ҳолда ер ости иссиқлигини электр энергиясига айлантиради. Компания ушбу маблағларни Ютадаги Капе Статион электр станциясини ривожлантиришга сарфлайди. Лойиҳанинг биринчи босқичи якунлангач, станция 500 мегаватт қувват ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Компания стратегияси бўйича вице-президенти Сара Жуеттнинг сўзларига кўра, Капе Статион ҳудудида 4 гигаваттгача қувват олиш имконини берувчи иссиқлик манбалари мавжуд. Ҳозирда кўплаб технологик компаниялар ўз маълумотлар марказларини узлуксиз энергия билан таъминлаш учун Ферво Энергй билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда.













