Глобал электромобил бозори иккига бўлинди: АҚШ ортда қолмоқда

Халқаро энергетика агентлигининг (ИEА) янги ҳисоботига кўра, электромобиллар бозоридаги тушкунлик фақат АҚШга хос муаммо бўлиб қолмоқда. Дунёнинг қолган қисмида эса ушбу транспорт воситаларига талаб кескин ортиб бормоқда. Ўтган йили глобал миқёсда 20 миллиондан ортиқ электромобил сотилиб, улар умумий бозорнинг 25 фоизини эгаллади. Хитойда ўсиш суръатлари энг юқори кўрсаткични қайд этган бўлса, Лотин Америкасида савдо ҳажми 75 фоизга ошди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
АҚШда эса вазият бирмунча турғун: электромобилларнинг бозор улуши 10 фоиз атрофида тўхтаб қолган. Мутахассислар буни "К-симон" ривожланиш деб аташмоқда, яни бир гуруҳ давлатлар юқорига қараб ўсса, бошқалари пастга шўнғимоқда. АҚШдаги пасайишга солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши ва Хитой автомобил ишлаб чиқарувчиларига қўйилган тўсиқлар сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат Rivian ва Lucid каби стартаплар учун қийинчилик туғдирса-да, Tesla ва анъанавий брендлар стратегиясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.
Хитойда сотилган электромобилларнинг учдан икки қисми анъанавий ёнилғида ишлайдиган автомобиллардан арзонроқ экани соҳани ҳаракатлантирувчи асосий куч бўлди. Хитой компаниялари Жануби-шарқий Осиё ва Европа бозорларини ҳам фаол эгалламоқда. Масалан, Таиландда сўнгги икки йил ичида электромобиллар нархи ички ёнув двигателли машиналар билан тенглашди, бу эса ривожланаётган иқтисодиётлар учун электромобиллар қимматлик қилиши ҳақидаги назарияни йўққа чиқарди.
Бироқ, бу шиддатли ўсиш доимий бўлмаслиги мумкин. Хитойлик ишлаб чиқарувчилар хорижий бозорларга талабдан 25 фоиз кўпроқ автомобил экспорт қилган, бу эса дилерлик марказларида захиралар тўпланиб қолишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, кўплаб давлатлар ўз ички бозорини ҳимоя қилиш мақсадида арзон Хитой электромобилларига нисбатан янги божхона тарифларини жорий этишни режалаштирмоқда.













