Spotify ва Универсал Мусик мухлисларга AI-ремикслар яратишга рухсат беради

Spotify ва Универсал Мусик Груп (УМГ) ўртасида имзоланган янги келишувга кўра, эндиликда фойдаланувчилар генератив сунъий интеллект ёрдамида севимли қўшиқларининг ковер ва ремикс талқинларини яратишлари мумкин бўлади. Ушбу янги восита фақат Spotify Премиум обуначилари учун пуллик қўшимча функция сифатида тақдим этилади. Энг муҳими, AI томонидан яратилган мусиқалардан тушган даромаднинг бир қисми асар муаллифларига йўналтирилади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Компания ҳозирча янги хизматнинг нархи ёки расмий ишга тушиш санасини очиқламади. Spotify ўтган йили Sony Мусик Груп, Варнер Мусик Груп ва Merlin каби йирик лейбллар билан ҳамкорликда санъаткорлар манфаатини ҳимоя қилувчи AI маҳсулотлари устида ишлаётганини маълум қилган эди. Компания раҳбарияти бу борада Suno каби стартаплардан фарқли ўлароқ, муаллифлик ҳуқуқларини бузмасдан, олдиндан келишув асосида иш тутишини таъкидламоқда.
Spotify ҳаммуассиси Алех Норстрёмнинг сўзларига кўра, янги тизим розилик, муаллифликни тан олиш ва адолатли компенсация тамойилларига асосланади. УМГ раҳбари Сир Луциан Граинге эса бу лойиҳани санъаткорлар учун мухлислар билан алоқани мустаҳкамлаш ва қўшимча даромад манбаи яратиш имконияти деб атади. Ҳозирча айнан қайси хонандалар ўз ижод намуналаридан AI-ремикслар яратишга рухсат бергани маълум эмас.
Ушбу қадам бозордаги Suno ва Удио каби AI-мусиқа сервисларига қарши жиддий зарба бўлиши кутилмоқда. Мазкур сервислар ҳозирда йирик лейбллар томонидан муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланиб, судга тортилган. Spotify эса муаммоларни четлаб ўтиш учун тўғридан-тўғри ҳуқуқ эгалари билан келишиш йўлини танлади.
Инвесторлар кунида эълон қилинган ушбу янгиликдан ташқари, Spotify яна бир қатор AI-ечимларни тақдим этди. Улар орасида сунъий интеллект ёрдамида аудиокитоблар яратиш воситаси, подкастерлар учун янги функциялар ва энг содиқ мухлислар учун концерт чипталарини банд қилиш тизими мавжуд.













