Samsung яримўтказгичлар бўлими ходимларига 339 минг доллардан бонус беради

Samsung компанияси ўзининг яримўтказгичлар бўлимида кутилаётган кенг кўламли иш ташлашнинг олдини олишга муваффақ бўлди. Раҳбарият ходимларга рекорд даражадаги тўловларни амалга оширишга рози бўлди — жами сумма қарийб 40 триллион вонни (тахминан 26,6 миллиард доллар) ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир ходим ўртача 339 минг доллар миқдорида бонус олади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Компания йиллик фойданинг 10,5 фоизини акциялар кўринишидаги бонусларга, яна 1,5 фоизини эса нақд пул тўловларига йўналтиришга келишиб олди. Гарчи бу касаба уюшмаси талаб қилган 15 фоиздан кам бўлса-да, таклиф рақобатчилар, хусусан, СК Ҳйних даражасидан юқори бўлди. Муҳими, ушбу дастур бир марталик эмас, балки мақсадли кўрсаткичлар бажарилган тақдирда 10 йилга мўлжалланган.
Ходимлар олинган акцияларнинг тахминан учдан бир қисмини дарҳол сотишлари мумкин, қолган қисми эса икки йил давомида босқичма-босқич сотувга рухсат этилади. Samsung раҳбарияти ва ишчилар ўртасидаги низо сунъий интеллект (AI) буму фонида юзага келди. Бу технология ДRAM ва ҲБМ хотира чипларига бўлган талабни кескин ошириб юборди.
Samsung компанияси Микрон ва СК Ҳйних билан бир қаторда ушбу чипларнинг дунёдаги учта асосий ишлаб чиқарувчисидан бири бўлиб қолмоқда. 2026-йилнинг биринчи чорагида яримўтказгичлар бўлими Samsung умумий операцион фойдасининг 94 фоизигача қисмини таъминлади, бу эса ходимларнинг музокаралардаги асосий далилига айланди.
Аввалроқ касаба уюшмаси 18 кунлик иш ташлаш ўтказишни режалаштирган эди, бу эса жаҳон хотира чиплари бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Бироқ, иш ташлаш бошланишига бир кун қолганда томонлар ўзаро келишувга эришдилар. Шунингдек, ходимлар йиллик иш ҳақининг 50 фоизи билан чекланган бонус миқдорини бекор қилишга ҳам эришдилар.













