Самолёт тезлигида учувчи Блаккбирд дрони 730 км/соат тезликка эришди

Икки нафар америкалик дрон ишқибози яқинда очиқ майдонда Блаккбирд кодли номи остидаги модификация қилинган дроннинг синов парвозини ўтказди. Қурилма парвоз давомида соатига 730 километр (453 мил/соат) максимал тезликка эришиб, норасмий жаҳон рекордини ўрнатди. Маълумот учун, аксарият тижорий авиалайнерлар ўртача 885 км/соат тезликда ҳаракатланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Лойиҳа муаллифлари аввалроқ, 2025-йил декабрь ойида соатига 626 километр тезлик билан рекорд ўрнатишган эди, бироқ кейинчалик бу натижа бошқалар томонидан янгиланган эди. Биринчиликни қайтариб олиш мақсадида муҳандислар ўз дронини мутлақо янги пропеллерлар билан жиҳозлашди ва синов жараёнини YouTube каналида намойиш этишди.
Йўналишдош шамол ёрдамидаги синов парвози пайтида дрон соатига 453 мил тезликка чиқиб, дастлабки режалаштирилган 441 мил/соат кўрсаткичидан ўзиб кетди. Шамол тезлиги (34 мил/соат) чегириб ташланганда, дроннинг соф тезлиги соатига 674 километрни ташкил этди. Қарама-қарши шамолга қарши ўтказилган якуний синовда эса 640 км/соат тезлик қайд этилди.
Икки йўналишдаги парвозларнинг ўртача тезлиги соатига 685 километрни ташкил қилди. Гарчи бу кўрсаткич кутилган 434 мил/соат маррасига бироз етмаган бўлса-да, амалдаги жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Ушбу технологик ютуқ дронларнинг авиация соҳасидаги имкониятлари кенгайиб бораётганини яна бир бор исботлади.













