Мирзиёев ва Тўқаев “Тоза ҳаво” лойиҳасини биргаликда муҳокама қилишди

Мирзиёев ва Тўқаев “Тоза ҳаво” лойиҳасини биргаликда муҳокама қилишди

Мирзиёев ва Тўқаев “Тоза ҳаво” лойиҳасини биргаликда муҳокама қилишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 11 апрель куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда минтақавий аҳамиятга эга қатор масалаларни муҳокама қилишди.

Учрашувда Ўзбекистон томони сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, минтақада экологик барқарорликни кучайтиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, чегарадош ҳудудларда ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев эса ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг сўзлари Қозоғистон Президенти матбуот хизмати томонидан ҳам тасдиқланди.

Тўқаев экологик вазиятга тўхталар экан, Тошкентдаги ҳолат борасида билдирилган хавотирларга қўшилишини таъкидлади. Шунингдек, у Қозоғистоннинг йирик шаҳри — Олмаотада ҳам экологик вазият оғир эканини қайд этди.

— Олмаота афсуски дунёдаги энг ифлосланган йирик шаҳарлардан бирига айланган. Бу борада шошилинч ва амалий чоралар кўриш зарур, — деди Қозоғистон раҳбари.

Унинг фикрича, “Тоза ҳаво” ташаббусини икки давлат ҳукуматлари даражасида, президентлар ҳомийлиги остида биргаликда амалга ошириш самарали натижа беради. Бу ғоя жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий қабул қилиниши мумкинлиги таъкидланди.

Тўқаев шунингдек, мазкур лойиҳа маҳаллий ҳокимиятлар ва тадбиркорлар масъулиятини оширишга, экология ҳамда табиатни муҳофаза қилиш йўналишида фаол ҳаракат қилишга туртки беришини қайд этди.

Маълумот учун, 11 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Бухорога келди. Олий мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида давлат раҳбари шахсан кутиб олди.

Шу тариқа, Бухорода ўтган учрашув икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, айниқса экологик соҳадаги янги ташаббусларни амалга оширишга замин яратди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.