Қурбон ҳайитида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

Қурбон ҳайитида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

2026 йилда Қурбон ҳайити 27 май, чоршанба кунига тўғри келмоқда. Шу муносабат билан май ойининг охирида ўзбекистонликлар учун кетма-кет 5 кунлик дам олиш даври бошланади.

Маълум қилинишича, 2025 йил 24 декабрь куни имзоланган президент фармонида белгиланган саналарга кўра, 27 майдан 31 майгача барча ходимлар узоқ дам олиш имконига эга бўлади. Бу эса оила даврасида вақт ўтказиш, яқинларни зиёрат қилиш ва байрам кайфиятидан баҳраманд бўлиш учун қулай фурсат яратади.

Фармонга мувофиқ, 28–29 май, яъни пайшанба ва жума кунлари барча ходимлар учун қўшимча дам олиш кунлари этиб белгиланган. 30 май, шанба куни эса ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун қўшимча дам олиш куни бўлади. Ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар учун эса бу кун одатий дам олиш куни ҳисобланади.

Шу тариқа, иш ҳафтаси туридан қатъи назар, май ойи охирида барча фуқаролар кетма-кет 5 кун дам олади.

Дам олиш кунлари қуйидагича тақсимланади:

  • 27 май, чоршанба — Қурбон ҳайити;

  • 28 май, пайшанба — барча учун қўшимча дам олиш куни;

  • 29 май, жума — барча учун қўшимча дам олиш куни;

  • 30 май, шанба — 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар учун қўшимча дам олиш куни, 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар учун одатий дам олиш куни;

  • 31 май, якшанба — барча учун одатий дам олиш куни.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ҳисоб-китобига кўра, 2026 йил май ойи дам олиш кунлари сони бўйича сўнгги йиллардаги энг қулай ойлардан бири бўлиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, май ойида ҳафтасига 5 кун ишлайдиган ходимлар жами 14 кун, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар эса 10 кун дам олади.

“Бу — сўнгги йиллардаги энг кўп дам олиш кунларидан иборат бўлган ой. Яқин йилларда бунақаси бўлганини эслолмайман”, — дейди ҳуқуқшунос.

Дарҳақиқат, 2026 йил май ойи кўпчилик учун байрамона ва қулай тақвим билан эсда қолиши мумкин. Айниқса, Қурбон ҳайити каби муҳим диний байрамнинг ҳафта ўртасига тўғри келиши ва ундан кейин қўшимча дам олиш кунлари белгиланиши узоқ таътил муҳитини яратади.

Бу кунларда кўпчилик оиласи билан бирга бўлиш, қариндош-уруғларни йўқлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш ва байрам анъаналарини адо этиш имконига эга бўлади. Қурбон ҳайити халқимиз учун меҳр-оқибат, саховат ва бирдамлик рамзи ҳисобланади.

Шу билан бирга, узоқ дам олиш кунлари ички туризм, дам олиш масканлари ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҳам фаол давр бўлиши кутилмоқда. Чунки 5 кунлик таътил кўпчиликка саёҳат ёки қисқа муддатли дам олиш режаларини тузиш имконини беради.

Қисқаси, 2026 йил май ойининг охири ўзбекистонликлар учун ҳақиқий байрамона танаффус бўлади. Бу сафар календар ҳам халқ томонда — 5 кунлик дам олиш, кайфиятга плюс, иш стрессларига эса кичик “пауза”.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.