Дорихоналар ортиқча олинган маблағларни аҳолига қайтаради

Дорихоналар ортиқча олинган маблағларни аҳолига қайтаради

Ўзбекистонда дори-дармон нархларини назорат қилиш бўйича текширувлар кучайтирилмоқда. Маълум қилинишича, нархларни сунъий равишда оширган 2 500 та дорихонага нисбатан таъсир чоралари қўлланилган.

Автоматлаштирилган мониторинг тизими орқали 686 мингта савдо устамаси бузилиши ҳолати аниқланган. Натижада фуқаролар дори воситалари учун жами 21,1 миллиард сўм ортиқча тўлагани маълум бўлди. Ушбу маблағлар истеъмолчиларга қайтарилиши белгиланган.

2026 йил март ойидан бошлаб назорат механизми янада кучайтирилди. Агар улгуржи нарх белгиланган меъёрий чегарадан ошиб кетса, солиқ органлари ҳисоб-фактураларни автоматик равишда рад этади. Бу орқали дори воситаларининг асоссиз қимматлашишига йўл қўймаслик мақсад қилинган.

Жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича 190 та дорихонада 1,4 миллиард сўмлик ортиқча тўловлар аниқланган. Ҳозирда ушбу маблағларни фуқароларга қайтариш жараёни бошланган.

Мониторинг тизими мамлакат бўйлаб 12,5 мингта чакана савдо шохобчасида нархлар оширилишини назорат қилади. Бу эса дори-дармон бозорида шаффофликни кучайтириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Фуқаролар дори воситаларининг рухсат этилган нархини референт нархлар реестри орқали текшириши мумкин. Агар дорихонада белгиланган нархдан юқори сотиш ҳолатига дуч келинса, Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Қисқаси, дорихоналарда нарх билан “ўйнашиш” даври аста-секин тугаяпти. Автомат тизим назорат қиляпти, ортиқча олинган пуллар эса аҳолига қайтарилади. Дори — бизнес, лекин инсон саломатлиги устида эмас.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.