
Саудиянинг Midad Energy компанияси Лукойлнинг хориждаги активларини сотиб олиш учун асосий даъвогарлар сафидан жой олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги музокаралар жараёнидан хабардор учта манбага таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Midad Energy активларни 22 миллиард доллар нақд пулга харид қилишни кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, маблағларни Россиянинг нефть компаниясига нисбатан санкциялар бекор қилинишига қадар махсус ҳисобда сақлаш режалаштирилган.
Манбалардан бирининг маълум қилишича, бу келишувда Америка компаниялари ҳам иштирок этиши мумкин. Midad Energy бош директори Абдулело Ал-Айбан Саудия Арабистони миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Мусаъид Ал-Айбаннинг укаси ҳисобланади.
Мусаъид Ал-Айбан жорий йилнинг февраль ойида Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларда қатнашган. Уларнинг отаси Муҳаммад Ал-Айбан илгари қиролликнинг разведка хизматларини бошқарган.
Reuters агентлиги Midad Energy компаниясининг бу қизиқиши АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида иқтисодий алоқаларнинг фаоллашуви фонида юзага келганини таъкидламоқда. 2025 йилда томонлар мудофаа, энергетика ва технологиялар соҳаларида келишувлар имзолаган, бу доирада Ар-Риёд 1 триллион долларгача инвестиция киритиш ниятини билдирган.
Midad Energy ва Лукойл компаниялари агентликнинг бу борадаги сўровларига изоҳ беришдан бош тортди. АҚШ молия вазирлиги ҳам Reutersнинг сўровига тезкор жавоб бермади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.