
Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, жорий йилда инфляция даражаси 8% атрофида бўлиши, иқтисодий ўсиш эса 7-7,5% оралиғида бўлиши кутилмоқда. Ушбу рақамлар 2028 йилгача мўлжалланган пул-кредит сиёсатига оид ҳисоботда келтирилган.
Келаси йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий сценарий бўйича ўсиши 6,5% га етиши, 2027 ва 2028-йилларда эса бу кўрсаткич 7% га кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Марказий банкнинг тахминларига кўра, ўрта муддатли истиқболда глобал иқтисодий ўсиш паст даражада сақланиб қолади.
Шу билан бирга, валюта бозорида кескин ўзгаришлар кутилмаётгани, олтин нархлари эса юқори даражада бўлиши айтилмоқда. Ўзбекистон бўйича кўрсаткичларга назар ташлайдиган бўлсак, регулятор кредитлаш суръатлари нормаллашиши, аҳоли ойлик маошларининг ошиши ва инвестициялар барқарор оқимини кутмоқда.
Давлат бюджети тақчиллиги ЯИМнинг 3% даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Мамлакатдаги инфляция хавфини оширувчи омиллар сифатида ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин қадрсизланиши, олтин нархларининг пасайиши ва импорт озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши кўрсатилмоқда.
“Бундай шоклар юзага келган тақдирда, пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатли истиқболда 5% даражасига етказиш мақсадида амалга оширилади”, — дея таъкидлади регулятор. Нархларнинг ўсишини жиловлаш учун қимматбаҳо металлар нархларининг ошиши, хусусийлаштириш жараёнларининг жадаллашиши ва инвестиция муҳитининг яхшиланиши муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.