
Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудидаги электр тармоқлари хусусий сектор бошқарувига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни энергетика объектларини ишга тушириш маросимида маълум қилди.
Режага кўра, 2026 йилда Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги электр тармоқлари хусусий секторга топширилади. Орадан бир йил ўтиб, Наманган ва Тошкент вилояти энергетика инфратузилмаси ҳам хусусий бошқарувга ўтади.
Давлат раҳбари Самарқанд вилояти тажрибасини мисол сифатида келтирди. Бу ҳудудда электр тармоқлари хорижий компания бошқарувига ўтказилади.
Инвестор инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқариш билан шуғулланади. Кутилишича, Самарқанд вилоятига хорижий компания жалб этилиши натижасида йилига 20 миллион доллар тежаш ва энергетик йўқотишларни икки баробар камайтириш мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 21 та энергетика объектининг қурилишини бошлади ва 42 лойиҳани рамзий равишда ишга туширди. "Бугун ишга туширилаётган барча лойиҳалар барқарор иқтисодий ўсиш манбаи бўлиб, келгуси авлодлар учун янги имкониятлар очади", — дея таъкидлади Мирзиёев.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.