
Жаҳон банки Ўзбекистон учун кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида $100 млн кредит ва $5 млн грант ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағ FINGROW лойиҳаси доирасида амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида бизнес субъектларига кредит олиш ва хусусий инвестициялар жалб қилишда кўмак берилади. Мазкур ташаббус “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан амалга оширилади.
Банклар, микромолия ташкилотлари ва инвесторлар орқали компания кредит кафолатлари тақдим этади ҳамда бизнесга капитал жалб қилишга ёрдам беради. Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта корхоналар (МКЎК) мамлакатдаги барча компанияларнинг 90 фоизидан кўпроғини ташкил этади.
Бу секторда банд бўлганлар сони умумий ишчи кучининг 75 фоизига тенг, иқтисодиётга қўшилган улуши эса ЯИМнинг 55 фоизини ташкил қилади. Бироқ кўплаб компаниялар ривожланиш учун етарли маблағга эга эмас, уларнинг аксарияти ҳатто банк ҳисоб рақамларига эга эмас, кредитлар эса фақат кичик бир қисм бизнеслар томонидан олинган.
МКЎК кредитларига бўлган умумий эҳтиёж $13 млрдни ташкил этса-да, молиявий таъминотдаги етишмовчилик $6 млрдга тенг. Айниқса, аёллар томонидан бошқариладиган компаниялар учун молиялашни қўлга киритиш қийин.
Гарчи аёллар мамлакатдаги компанияларнинг учдан бир қисмига эгалик қилсалар-да, уларга берилган кредитлар умумий кредитларнинг фақат 14 фоизини ташкил этади. Бундай компанияларнинг ҳар тўртинчиси учун асосий муаммо маблағга кириш имкониятининг йўқлиги ҳисобланади.
2023 йилга қадар ушбу молиялаштириш орқали 7 мингга яқин корхона, жумладан, 4,5 минг аёллар ва ёшлар бошқарувидаги компаниялар кредит олиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда. Бу эса тахминан 100 мингта янги иш ўрни яратишга ёрдам беради.
Шунингдек, 70 та тез ривожланаётган компания тўғридан-тўғри хусусий инвестициялар ва бизнесни кенгайтириш учун қўллаб-қувватлаш олади. Умуман олганда, иқтисодиётга қўшимча $500 млн хусусий капитал жалб қилиниши режалаштирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.