3 151
Инқироздан сўнг Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари қандай бўлиши керак?
Фото: 123RF
Бир қарашда инсонларнинг таналаринигина зарарлайдигандек бўлиб кўринадиган коронавирус бугун бутун дунёни музлатиб қўйди. Унинг таъсири нафақат инсон соғлиғи билан чекланди, балки унинг аҳлоқи, юриш-туриши, турмуш тарзини ўзгартириб юбормоқда. Бу ўз навбатида миллий, регионал ва глобал миқёсдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам жиддий таъсир ўтказяпти. Кўз илғамас бир зарра барча муносабатларнинг марказида инсон туриши ва унга зарар етиши бутун жамиятга зарар етишини яна бир бор исботлади.
Бугун ҳар бир жамият, ҳар бир давлат коронавирусга қарши кураш чораларини кўриш билан бирга, ундан кейинги иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт ҳақида ҳам бош қотирмоқда. Пандемия жаҳон миқёсида навбатдаги иқтисодий инқирозни вужудга келтираётган вазиятда, ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга ва коронавируснинг ишбилармонлик муҳитига таъсирини камайтиришга ҳаракат қилади. Ушбу мақолада посткризис шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган айрим мулоҳазалар кўриб чиқилади.
Юқорида бежизга ҳар бир муносабатнинг марказида инсон туришига урғу берилмади. Посткризис шароитида иқтисодиётни ислоҳ қилиш ҳам айнан инсонни, уни ҳаракатлантирувчи қадриятларини ислоҳ қилишдан бошланиши лозим, назаримизда.
Пандемиягача бўлган ҳолатга назар ташлайдиган бўлсак, шахсий манфаат (self-interest) ва бойлик орттириш (wealth maximization) каби иқтисодий назариялар ҳамда уларнинг оммавий татбиқ этилиши таъсирида тобора моддийлашиб бораётган иқтисодиёт кўз олдимизга келади. Натижада дунёнинг деярли ярим бойликлари атиги 1 фоиз инсонлар қўлида тўпланишига олиб келди (The Global Wealth Report 2019).
Коронавирус сингари синовли вазиятлар кимнинг аслида кимлигини барчага намоён этиб, асл ҳақиқатларни эслатди. Масалан, бир тадбиркор карантин чоралари эълон қилинганини эшитган заҳоти барча учун синов бўлган бу вазиятдан кўпроқ фойда олишни кўзлаб, аҳоли учун зарур маҳсулотлар нархини сунъий равишда оширади. Бошқаси эса нархларни оширмайди, аксинча, иложи борича муҳтожларга ёрдам қўлини чўзади, хайриялар қилади.
Ёки бўлмасам, кимдир халқ дардини енгил қилиш учун волонтёрлик асосида жамоат ишларида иштирок этади, бошқа биров эса ўзи муҳтож бўлмаса ҳам кам таъминланган фуқаролар учун мўлжалланган турли хайрия ва ижтимоий кўмакларга очкўзларча кўз тикади.
Ҳақиқат шуки, ўтган асрнинг иқтисодий назариялари асосан инсоннинг фақат шахсий манфаат (self-interest) ва бойлик орттириш (wealth maximization) йўналтириб, инсоннинг ахлоқий ва ижтимоий хусусиятларини эътибордан четда қолдирди. Бунга жавоб сифатида бошқа олимлар ижтимоий тадбиркорлик (social business), компаниянинг ижтимоий масъулияти (corporate social responsibility) ёки ахлоқий иқтисодиёт (behavioral economics) каби назарияларни таклиф этди ва амалда синаб кўрсатди.
Масалан, ижтимоий тадбиркорлик (social business) назарияси асосчиларидан бўлган профессор Муҳаммад Юнус 2006 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланди ва бугунги кунда кўплаб ижтимоий бизнес лойиҳаларини амалда татбиқ этиб келмоқда. Ёки ўтган асрнинг 50-йилларида вужудга келиб, 90-йилларидан кенг татбиқ этила бошланган компаниянинг ижтимоий масъулияти (corporate social responsibility) назарияси ҳам айнан бугун коронавирус шароитида кўплаб давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам, қўллаётган тажрибани исботлайди. Куни кеча Ўзбекистонда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ташкил этилгани бунга яққол мисол бўлади.
Энди ушбу мақоланинг асосий мақсади, яъни посткризис шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашсак.
Иқтисодиётда тузилмавий ўзгартиришларни амалга ошириш: мулкчилик шаклини диверсификациялаш, янги бизнес моделлар ва молиялашдаги рақобат муҳитини яратиш
COVID-19 натижасида дунёнинг йирик давлатлари, шу жумладан Ўзбекистоннинг асосий импорт-экпорт ҳамкорлари бўлган давлатларда вужудга келиш эҳтимоли юқори бўлган янги иқтисодий инқироз Ўзбекистоннинг экспорт-импорт кўрсаткичларига салбий таъсир қилиши, шунингдек Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти ҳисобланган маҳсулотлар нархининг пасайиши бюджетга тушадиган даромадларни камайишига олиб келиш хавфи юқори.
Бунинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида иқтисодиётни мулкчилик шакли нуқтайи назаридан ҳам, соҳалар нуқтайи назаридан ҳам диверсификация қилиш, унда хусусий секторнинг ролини ошириш, инвесторларга, энг аввало миллий инвесторларга янги бизнес моделлар ва муқобил молиявий инструментлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, потенциал инвесторларга узоқ муддатга мўлжалланган стратегик имтиёзлар пакетини жорий этиш орқали иқтисодиётнинг муайян соҳасини ривожлантиришга қаратилган тизимли чоралар ишлаб чиқиш лозим.
Бунда, энг аввало, давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари ва ижтимоий тадбикорлик каби бизнес моделлари ҳамда бизнесни молиялашнинг муқобил институтларини кенг жорий этиш бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, яқинда Адлия вазирлиги томонидан «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бизнес учун муҳим саналган молиялаш институти посткризисда ислоҳ қилиниши лозим бўлган соҳалардан бири саналади. Бу бўйича ҳам қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Лекин улар асосий қисми давлатга тегишли бўлган банклар билан чекланиб қолмоқда. Посткризис шароитида иқтисодиётнинг ушбу сегментини ҳам тубдан ислоҳ этиш, бизнесни молиялашнинг асосий институти ҳисобланган банклар ва капитал бозори орасида ҳақиқий рақобатни шакллантириш бўйича тизимли чоралар амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.
Бу борада, энг аввало, бозорга янги молиявий воситалар киритиш ва уларнинг муомаласига тегишли мукаммал ҳуқуқий асосларни яратиш лозим. Масалан, бугунги кунда дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида амал қилаётган исломий молия воситалари ва институтлари Ўзбекистонда посткризис шароитида иқтисодиётни жонлантириш учун яхши импулс бўлиши мумкин.
Бунинг учун, энг аввало, мазкур молиявий воситалар ва институтлар фаолият юритиши учун рақобатбардош ва самарали ҳуқуқий асосларни яратиш, аҳоли ва бизнеснинг бундай воситалар ҳақидаги хабардорлигини ошириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Норасмий сектор, меҳнат ресурслари ва ишсизлик масаласи
Ўзбекистон Республикаси жами меҳнат ресурсларининг 42 фоиздан кўпроғини (2019 йилнинг I чорагига кўра) норасмий секторда ишловчилар ташкил этади. Норасмий сектор улушининг юқорилиги карантин шароитида давлат томонидан манзилли пул маблағларини йўналтириш учун ҳақиқий ёрдамга муҳтож аҳолини аниқлаш ва ажратиб олиш имконини бермайди (Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг Kun.uz мухбири билан бўлган онлайн суҳбати).
Ёрдамга муҳтож аҳолини аниқлаш ва ажратиб олиш узоқ давом этадиган жараён эканини ҳамда ушбу жараёнга коррупция аралашмаслигига ҳеч ким кафолат бермаслигини инобатга олиб, муаммони Ҳукумат қарори билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали ҳал этиш ҳақида тўхтамга келинди.
Айтмоқчимизки, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида норасмий сектор фаолияти салмоқли ўрин эгаллаши шу ва шунга ўхшаш муаммоларни юзага келтираверади. Карантин шароитида қийин аҳволда қолган айрим расмий сектор вакиллари (корхоналар, ташкилотлар ва ҳ.к.) ҳам «норасмий сектор имкониятлари»дан фойдаланиш ҳаракатига тушиши эҳтимоли юқори. Бу эса, ўз навбатида, норасмий сектор улушининг янада ортишига олиб келади. Мазкур ҳолатда давлат тизимли равишда самарали чоралар кўриши шарт. Хусусан,
1. Махсус ишлаб чиқилган Дастур асосида норасмий сектор улуши юқорилигининг сабабларини ўрганишга жиддий ва тизимли ёндашиши;
2. Норасмий сектор улуши юқори суратда сақланиб қолишига сабаб бўлаётган «давлатнинг ўзини камчиликлари»ни зудлик билан бартараф этиши;
3. Асоссиз равишда (яъни барча имкониятларга эга бўлса-да) норасмий секторда фаолият олиб бораётганлар билан самарали мулоқот олиб бориш орқали уларни расмий секторга ўтказишга эришиши;
4. Норасмий секторни расмий фаолият юритишини рағбатлантириш ва бундай рағбатлантиришдан кейин ҳам муайян муддатдан кейин норасмий қолаётганларнинг жавобгарлигини ошириш бўйича бўйича тизимли чоралар ишлаб чиқиш;
5. Карантин сабабли иқтисодий жиҳатдан мушкул аҳволда қолган ва вазиятдан чиқиш учун «норасмий сектор имкониятлари»дан фойдаланишни мўлжаллаётганларни ҳозирдан аниқлаш ҳамда уларга тегишли кўмак бериш чораларини кўриши керак.
Ҳозирги карантин шароитида аксарият иш берувчилар иқтисодий жиҳатдан қийин вазиятда қолгани сир эмас. Айнан мана шу фактор мамлакатимизда ишсизлар сонининг кескин ортишига сабаб бўлиши эҳтимоли катта.
Бундан ташқари, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси жами меҳнат ресурсларининг 12,5 фоизи чет давлатларда меҳнат қилган (2019 йилнинг I чорагига кўра). Сўнгги йилларда мигрантлар томонидан Ўзбекистонга жўнатилган йиллик пул ўтказмалари 6 млрд долларга яқин суммани ташкил этган. Пандемия ва ундан кейин ушбу даромадларнинг камайиши ҳам Ўзбекистонда ишсизлик даражасининг ортишига олиб келди.
Коронавирус пандемияси сабабли хорижий мамлакатларда ҳам жорий этилган карантин тадбирлари натижасида меҳнат мигрантларининг аксарият қисми юртимизга қайтишди. Ўзбекистонга қайтишга улгурмай қолган кўплаб ҳамюртларимиз ҳам карантин тадбирлари тугаб, қатновлар қайта йўлга қўйилиши билан ўз уйларига қайтишлари кутилмоқда. Бошқача сўз билан айтганда, ишсизлик муаммосининг шу вақтга қадар хорижий мамлакатлар ҳисобига ҳал этилган қисмини ҳам (ҳеч бўлмаганда, хорижий давлатларда ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳаёт қайта ўз изига тушгунга қадар) ўзимиз ечишимиз керак бўлади.
Тўғри, ҳозирги карантин шароитида аҳолининг асосий қисми уйда қолаётгани, ижтимоий муносабатлар нисбатан секинлашгани ҳамда муҳтож қатламга имкон даражасида ёрдам кўрсатилаётгани ортида ишсизлик муаммоси кўринмаётгандек, назаримизда. Бироқ карантин тадбирлари ниҳоясига етиши билан ишсизлик яна долзарб муаммолардан бири сифатида юзага чиқиши аниқ.
Юқоридагиларга кўра, давлатимиз олдида мураккаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга сабаб бўладиган ишсизликнинг кутилаётган эҳтимолий юқори даражасига қарши тезроқ жиддий чоралар кўриш вазифаси турибди. Ишсизликнинг кутилаётган эҳтимолий юқори даражасига қарши қуйидаги чораларни кўриш мақсадга мувофиқ:
1. Мавжуд ишсизлар сонига қўшилиши кутилаётган эҳтимолий ишсизлар сонини соҳалар бўйича аввалдан прогнозлаштириш;
2. Иш ўринлари қисқариши жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммоларга сабаб бўладиган соҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва ҳозирдан кўрсатилиши зарур бўлган ёрдам миқдорини аниқлаш;
3. Вазият ўнглангунга қадар вақтинчалик иш билан таъминлаш бўйича махсус лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
4. Махсус билимларга эга, бироқ ички меҳнат бозорида маълум сабабларга кўра иш тополмаётган мутахассисларга тил ўргатиш ва уларни уйда қолган ҳолда халқаро меҳнат бозоридаги мавжуд онлайн ишларга жалб қилиш бўйича лойиҳаларни шакллантириш;
5. Коронавирус пандемияси ортда қолиши билан халқаро меҳнат бозорида барқарор иш ўрни ва иш ҳақига эга бўлиш учун мигрант ишчилар ўртасидаги ўзига хос кураш қайта авж олиши эҳтимоли юқорилигини инобатга олиб, мигрант ишчиларнинг аксарияти ўз ватанларига қайтган ҳозирги карантин шароитида мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали жаҳон меҳнат бозорида бўшаб қолган барқарор иш ўринларини ҳозирдан аниқлаш ва карантин тугаши билан уларга хорижда қолаётган ва хорижда ишлаш истагини билдираётган доимий иш ва иш ҳақига муҳтож бўлган ватандошларимизни жалб қилиш чораларини кўриш.
Муносабатни ўзгартириш
Ҳар бир мусибатнинг бир яхши томони бўлганидек, коронавирус пандемияси ҳам янада кучлироқ бўлиш, янада ривожланиш ва такомиллашиш учун янги имкониятлар эшигини очиши табиий. Лекин бу имкониятларда фойдаланиш учун биз ўзимизни ва атрофимиздаги воқеликка бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак.
Бунда бизнинг ким сифатида, яъни истеъмолчи, тадбиркор ёки давлат хизматчиси бўлишимиз унчалик аҳамиятга эга эмас. Асосийси – ҳар бир шахс масъулиятни ҳис этган ҳолда ўз вазифасини виждонан бажарса етарли. Шунда биз карантин эълон қилиниши билан дўконнинг ярмини «супуриб кетадиган» истеъмолчидан ёки уйида етарли озуқаси ва моли бўла туриб муҳтожлар учун ажратиладиган ёрдамга кўз тикадиганлардан ёхуд эл бошига иш тушганда кўпроқ даромад олиш илинжида нархларни сунъий оширадиган «тадбиркор»дан, ё бўлмаса аҳоли учун қийин вазиятдан фойдаланиб ўз ваколатларини суиистеъмол қиладиган давлат хизматчисидан халос бўламиз.
Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Масалан, иккинчи жаҳон урушидан кейин ўзининг маблағлари ва омонатларини ҳукуматга топширган Япония аҳолиси ҳукумат вакиллари ушбу пулларни суиистеъмол қилмасликларига ишонишган. Биз эса ҳали ҳам карантин шароитида аҳолига мақсадли пул тарқатишда унинг талон-тарож бўлишидан хавфсираймиз. Шунинг учун сўнгги 3 йилдан бери амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқ ишончини қозонишдан иборат бўлмоқда.
Ёки 2011 йилда Фукусимадаги атом электр станцияси ҳалокати натижасида вужудга келган инқирозда ҳам япон халқи ўзини «бошқача» тутди, дўконлардаги узундан узоқ навбат бузилмади, давлат томонидан берилган кўрсатмаларга сўзсиз амал қилди. На истеъмолчи томонидан, на тадбиркор, ва на давлат хизматчиси томонидан ўзини ўйлаш ёки вазиятдан фойдаланиб бойлик орттириш ҳолати кузатилмади.
Бунинг тўлиқ сабабларини таҳлил қилиш учун балки бир нечта тадқиқотлар зарур бўлади. Лекин бир нарса аниқки, кризис вазиятларидаги бундай муносабатнинг замирида инсон, унинг ахлоқи ва тарбияси ётади.
Хулоса қилиб айтганда, пандемия фақат мусибат эмас, балки тўғри фойданилса, жуда катта имконият ҳам келтиради. Коронавирус барча муносабатларнинг марказида инсон туришини эслатди. Руҳ соғлом бўлса, тананинг беморлиги инсон учун катта ҳалокат эмас. Аммо тана қанчалик соғлом бўлмасин, руҳда нуқсон бўлса, маънавий қадриятлар ва ахлоқий фазилатларда камчилик бўлса, тананинг соғломлиги инсонни қутқариб қола олмайди. Бугун бизнинг иқтисодиётимизга юксак маънавий қадриятлар ва аҳлоқий фазилатларга эга инсонлар ва халқ ишончи етишмаяпти. Асосий сабаб эса ўзимизда, ўзимизни ислоҳ қилсак, иқтисодий ҳаёт ҳам, ижтимоий ҳаёт ҳам ўз изига тушади.
Отабек Нарзиев
Тошкент давлат юридик университети
«Халқаро тижорат ҳуқуқи» кафедраси мудири,
юридик фанлар доктори (PhD)
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Тошкент давлат юридик университети
«Халқаро тижорат ҳуқуқи» кафедраси мудири,
юридик фанлар доктори (PhD)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди