Буюк Британияда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун AI камералари кўпайтирилади

Буюк Британияда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун AI камералари кўпайтирилади

Буюк Британиянинг транспорт хавфсизлиги бўйича етакчи ташкилоти раҳбари Жейми Хассалл автомобил ҳайдовчилари ўртасида қоидаларни бузиш ҳолатларини камайтириш учун жарималар миқдорини оширишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, йиғилган маблағлар йўлларда сунъий интеллект (AI) билан жиҳозланган замонавий камералар тармоғини кенгайтиришга йўналтирилиши керак. Бу ҳақда Autocar.co.uk хабар беради.

Янги авлод AI камералари юқори аниқликдаги тасвир ва тезкор процессорлар ёрдамида нафақат тезликни ошириш, балки рулда телефондан фойдаланиш ёки хавфсизлик камарини тақмаслик каби қоидабузарликларни ҳам аниқлай олади. Шунингдек, тизим автоматик равишда полиция базалари орқали автомобилнинг солиқ ва суғурта ҳолатини текшириш имкониятига эга.

Статистикага кўра, ҳар йили 200 мингга яқин ҳайдовчи тезлик режимини бузгани учун жавобгарликка тортилади. Хассалл жарималарни 100 фунт стерлингдан 500 фунт стерлинггача ошириш орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш ва қоидабузарларнинг қўлга тушиш эҳтимолини юқорироқ қилишни таклиф этмоқда.

Мутахассислар фикрича, ҳайдовчиларнинг қоидабузарлик учун жазоланишига бўлган ишончини ошириш, жарима миқдорини кўпайтиришдан кўра самаралироқ воситадир. Ҳукумат ҳозирча жарималарни ошириш бўйича расмий қарор қабул қилмаган бўлса-да, қоидабузар ҳайдовчиларга қарши курашишнинг бошқа усулларини кўриб чиқмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Sardor Ergashev
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.