Калит билан даволовчи табиб пайдо бўлди

Калит билан даволовчи табиб пайдо бўлди

Туркиянинг Шанлиурфа (Шонли Урфа) вилоятида яшовчи бир шахс ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. У нутқида муаммоси бор ёки умуман гапира олмайдиган инсонларни ноодатий усул — оғзига калит теккизиб, дуо ўқиш орқали “даволаш” мумкинлигини иддао қилган.

Мазкур жараён акс этган видео қисқа вақт ичида миллионлаб томоша тўплаб, катта шов-шувга сабаб бўлди. Шундан сўнг Туркиянинг турли ҳудудларидан, ҳатто Европанинг айрим мамлакатларидан ҳам юзлаб оилалар Шонли Урфага йўл ола бошлаган.

Табибнинг айтишича, у беморларнинг оғзига оддий металл калитни теккизиб, дуо ўқийди. У бу усул туғма нуқсони бор болалар ва катталарга ҳам ёрдам беришини таъкидламоқда. Турк матбуотига кўра, у бу хизмат учун ҳақ олмаслигини ҳам билдирган.

Айрим ота-оналар фарзандларида кичик ижобий ўзгаришлар кузатилганини айтмоқда. Бироқ тиббиёт мутахассислари ва экспертлар бу усулнинг ҳеч қандай илмий асосга эга эмаслигини қатъий таъкидламоқда.

Шунингдек, мутахассислар оғизга стерил бўлмаган металл буюмларни солиш гигиена ва соғлиқ нуқтаи назаридан хавф туғдириши мумкинлигини эслатиб, фуқароларни бундай тажрибаларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.