Олмалиқда тунги фожиа: 15 ёшли қиз мотоцикл остида қолди

Олмалиқда тунги фожиа: 15 ёшли қиз мотоцикл остида қолди

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, унда вояга етмаган пиёда жабр кўрди. Мазкур ҳолат 14 май куни тахминан соат 23:00 атрофида шаҳарнинг А.Темур кўчасида юз бергани маълум қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, 23 ёшли ҳайдовчи C.Ф. мотоциклни бошқариб кетаётган вақтда йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган 15 ёшли қизни уриб юборган. Оқибатда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодиса натижасида пиёда турли даражадаги тан жароҳатлари олган ва зудлик билан шифохонага олиб борилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Шифокорлар томонидан унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим хабарларда жабрланган қизнинг аҳволи оғир экани, ҳатто у оёғидан ажралган бўлиши мумкинлиги ҳақида турли тахминлар билдирилмоқда. Бироқ расмий манбалар бу маълумотларга ҳозирча аниқлик киритмаган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Мутахассислар бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун пиёдаларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга, ҳайдовчиларни эса эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишга чақирмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.