Чирчиқда она-болани йўлини тўсган ҳайдовчи қаттиқ жазога тортилди

Чирчиқ шаҳрида пиёдалар йўлагида кетаётган она ва боланинг йўлини тўсган ҳайдовчига нисбатан кескин чора кўрилди. Суд қарорига кўра, у бир йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Cobalt ҳайдовчисининг қоидабузарлиги акс этган видео кенг тарқалиб, фойдаланувчиларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлганди. Видеода ҳайдовчи пиёдалар учун мўлжалланган йўлакдан ҳаракатлангани, қолаверса, шу ерда кетаётган она ва боланинг йўлини атайлаб тўсганини кўриш мумкин.
Тошкент вилояти ЙҲХБ маълумотига кўра, ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчи шахси аниқланиб, унга нисбатан “йўл безорилиги” моддаси асосида маъмурий баённома тузилган. Кейинчалик тўпланган материаллар судга тақдим этилди.
Суд жараёнида ҳайдовчининг ҳаракатлари қонунбузарлик сифатида баҳоланиб, унга бир йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ҳайдовчи БҲМнинг 10 баравари миқдорида — 4 миллион 120 минг сўм жарима тўлашга ҳам мажбур қилинди.
ЙҲХБ матбуот хизмати барча ҳайдовчиларни пиёдаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақириб, пиёдалар йўлагидан транспорт воситасида ҳаракатланмасликни сўради.













