Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади.

«Сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни бугунги улуғ айём – муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман», дейилади табрик сўзи бошида.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, тинчлик, меҳр-оқибат ва саховат байрами – Ийд ал-Адҳа муқаддас динимиз моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоя ва амалларни яққол ифода этган ҳолда, ҳозирги кунда мамлакатимизда инсонпарварлик руҳида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига уйғун ва ҳамоҳанг экани билан барча учун янада азиз ва қадрли бўлиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданий қадриятларини, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий меросини, ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилаётганини айтди.

«Буни яқинда халқимиз ва юртимиз меҳмонлари учун ўз эшикларини очган азим пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Марғилон шаҳридаги Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби Янги Ўзбекистон мўъжизалари бўлган ноёб обидалар мисолида яққол кўриш мумкин. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги муҳим тарихий қадамлар бўлиб, улар бизни янада катта сафарбарлик билан ҳаракат қилишга даъват этади», деди президент.

Шу билан бирга, давлат раҳбари барча ҳожиларни Қурбон ҳайити билан қутлаб, ибодатлари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қолишини таъкидлади.

«Муқаддас зиёратдан қайтиб келадиган бу ҳурматли юртдошларимиз эзгулик ва маърифат тарғиботчилари сифатида оила ва маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда олиб бориладиган маънавий-тарбиявий ишларда фаол иштирок этадилар, деб умид қиламиз», деди президент.

Шавкат Мирзиёев дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмон дўстлар ва ҳамкорларга ҳам қизғин қутловни йўллаб, уларга тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилашини айтди.

«Азиз ватандошлар! Қурбон ҳайити муносабати билан бу йил ҳам бир неча кундан иборат дам олиш кунлари белгиланди. Байрам кунларида ҳам элимиз хизматида, Ватан сарҳадларида ўз вазифасини масъулият билан адо этаётган юртдошларимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Чет элларда таҳсил олаётган ва ишлаётган ватандошларимизни ҳам самимий табриклаб, уларнинг барчасига эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Эл-юртимизни шундай қутлуғ айёмга тинчлик-омонликда ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Илоҳим, Яратган парвардигор эл-юртимизни ўз паноҳида асрасин! Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!», дейилади табрик сўзи якунида.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.