“Узук, гул ва сирли қиз: Шаҳзод Султонов нима режалаштирмоқда?

Актёр ва айни пайтда хонандалик йўналишида ҳам фаолият олиб бораётган Шаҳзод Султонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали мухлислари билан қизиқарли ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеоларни бўлишмоқда.
Санъаткор уяланмоқчи бўлган қизини топгани ва унинг розилигини олгани ҳақида кетма-кет видеопостлар жойлади. Илк видеолардан бири остида у ўз ҳис-туйғуларини қуйидагича ифода этган:
“Қарорим қатъий! Шу қизга насиб уяланаман. Бу шунчаки бир ҳиссиёт эмас — бу юрагимнинг энг тоза, энг самимий танлови. Гўё ҳаётимнинг йўналиши аниқ бўлиб қолди. Бу қарорни шошилиб эмас, ҳис қилиб қабул қилдим”, — дея ёзди у.
Кейинги видеоларда эса қиз яна алоқага чиққани, у билан учрашишга рози бўлгани ва берилган совғаларни қабул қилгани акс этган. Энг сўнгги видеода Шаҳзод қизнинг олдига гулдаста ва узук билан келиб, унга совға қилгани ҳамда онасининг телефон рақамини сўрагани тасвирланган.
Мазкур пост остида у ҳазиломуз тарзда: “Энди буёғи насиб — тўй-а? Нима дейсизлар? Қизга менимча ёқдим! Ойиси рози бўлармикан?” — дея ёзиб қолдирган.
Изоҳларда эса фикрлар турлича. Кўплаб мухлислар санъаткорга бахт тилаб, “ниҳоят тўй бўлар экан”, дея қувончини билдирган. Бироқ айрим фойдаланувчилар қиз ҳақида кўпроқ маълумот сўраб, “нега русча гапиряпти?”, “ўзбек қизми?”, “нега юзини кўрсатмайсиз?” каби саволларни қолдиришган. Яна бошқалар эса бу ҳолат навбатдаги пранк эмасмикан, деган тахминларни ҳам илгари сурмоқда.
Ҳозирча эса барча диққат марказида битта савол турибди: бу воқеа ҳақиқий муҳаббат тарихи ёки навбатдаги сюрпризми?













