Божалар гуруҳи “Ўзбек публика” треки билан мухлисларни руҳлантирди

Божалар гуруҳи Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштироки олдидан “Ўзбек публика” номли янги трек ва видеоклипни тақдим этди. Қўшиқ футбол мухлисларига кўтаринки кайфият улашиш ва терма жамоани қўллаб-қувватлаш руҳида яратилган.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Видеоклипга Хасан Атабаев режиссёрлик қилган, мусиқани эса Отабек Мирзаҳолов басталаган.
Клипда “Биз бу ерга марожний егани келганимиз йўқ” деган ибора ҳам ишлатилган. Бу гап мухлислар орасида машҳур бўлган Ҳожибой Тожибоевнинг Жаҳон чемпионати ҳақидаги ҳазиломуз фикрларини эслатади.
[media=https://www.youtube.com/watch?v=xxhyweBrprYv]
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси “К” гуруҳида Португалия, Колумбия ва ФИФА 1-плай-офф ғолиби билан баҳс олиб боради. Терма жамоа илк ўйинини 17 июнь куни Колумбияга қарши ўтказади.













